"Мухлисларимизни албатта ғалабаларимиз билан хурсанд қиламиз" - "Андижон"нинг 8-рақам эгаси жамоасининг тайёргарлиги ва илк тур олдидан

Янги мавсум стартига тобора оз фурсат қолаётганини ва унинг старти бошланишини санаётган мухлисларимиз бўлса ажаб эмас. Суперлига иштирокчиси “Андижон” ҳам “Мавсум-2024” учун астойдил тайёргарлик кўриб бормоқда.

“Бургутлар” Туркиядан қайтгач, Тошкентда йиғинини давом эттираётганидан хабардорсиз. 25 февраль куни эса янги мавсум тадориги олдидан охирги назорат учрашувида иштирок этди. Самарқанднинг “Динамо” жамоасига қарши бўлиб ўтган учрашувда дарвозалар дахлсиз қолди – 0:0.

“Андижон” футболчилари юқори кайфиятда мавсумга тайёргарликни давом эттиришмоқда. Жамоанинг етакчи ижрочиларидан бири Фарҳод Бекмуратов эса жамоанинг “Динамо”га қарши ўйини борасида ўз фикрларини билдириб, шундай деди:

бекмуротов1

“Қизиқарли ўйин бўлди. Бу чемпионат олдидан охирги учрашувимиз эди. Анча қизиқарли ҳамда хавфли ҳужумларга бой ўтди. Уларда ҳам, бизда ҳам имкониятлар етарлича бўлди. Фақат гол ура олмадик, холос. Насиб қилса, голларимизни чемпионат ўйинларида урамиз ва мухлисларимизни албатта ғалабаларимиз билан хурсанд қиламиз”.

Дарҳақиқат, “Андижон” “Динамо”га қарши баҳсда анча шиддаткор, ҳужумкор ва қизиқарли ўйин намойиш этди. “Бургутлар”нинг ўйини кўпчиликда илиқ таассурот қолдиргани ҳам бор гап. Балки бу “Андижон”нинг қишки назорат учрашувларидаги энг яхши ўйиними? Бу борада Бекмуратов қуйидагича жавоб қайтарди:

“Шунақа деса ҳам бўлади. Чунки мураббийимиз хоҳлаган нарсаларни кўрсата олдик. Фақат гол уришда озроқ оқсадик. Лекин гол уришимиз учун етарлича имкониятлар бўлди”.

бекмуротов3

Маълумки, “Андижон” чемпионатнинг илк турини 3 март куни сафарда ОКМК жамоасига қарши ўтказади. Хомяков жамоаси бор эътиборини мазкур ўйинга қаратган. Бу ҳар иккала жамоа учун муҳим ҳамда ўта масъулиятли ҳисобланади. 8-рақам эгаси – Фарҳод бўлажак беллашув олдидан ҳам ўз фикрини билдириб ўтди.

“Ҳа, тўғри айтасиз, энди ОКМКга қарши ўйинга тайёргарлик кўрамиз. Рақиб жамоада бир қатор ўйинчилар кетган бўлса ҳам ўрнини бошқа муносиб футболчилар билан тўлдира олишди. Худо хоҳласа, яхши ўйин кўрсатиб, ғалаба қозонамиз, деган умиддаман”, - дейди Бекмуратов.

Шуҳратбек Жўраев.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!