Мухтор Қурбонов: Кумиковга омад етишмади
Ads

АГМК клубида кутилган ўзгариш юз берди. Яқинда жамоа бош мураббийи Виктор Кумиковнинг истеъфога чиқарилиши мумкинлиги борасида хабар бергандик. Эндиликда эса бу тахминлар ҳақиқатга айланди ва Виктор Балютович ишдан бўшади. Унинг ўрнини эса “Бухоро”да мураббий сифатида ишлаб келаётган Бахтиёр Ашурматов эгаллади. Бу ҳам қизиқарли танлов бўлди десак янглишмаймиз. АГМК клубининг спорт директори Мухтор Қурбонов мазкур ўзгариш ҳақида ўз муносабатини билдирди.

- Футбол шундай ўйинки, унда барибир биринчи навбатда натижа туради. Ўтган йили ҳам жамоанинг олдига вазифа қўйилганди-ю, аммо бажарилмаганди. Бу йил ҳам жиддий мақсад учун курашишни бошлагандик. Бироқ ҳозирги пайтга келиб АГМК қийин вазиятга тушиб қолди. Биринчи навбатдаги вазифа кучли олтиталикка кириш эди. Лекин жамоа бу вазифани бажаришдан узоқлашиб кетаётгандек эди. Шу сабабли клубга янги қон қуйиш керакка ўхшаб қолди. Натижада раҳбарият бир қарорга келди ва мураббийни алмаштиришни лозим топди. АГМКга янги бош мураббий этиб тайинланган Бахтиёр Ашурматовни ҳам ўз олдига жиддий мақсадларни қўядиган талабчан мураббий деб ўйлайман. Умид қиламанки, бу ўзгариш насиб қилса ўз мевасини беради. Қолаверса, Ашурматовнинг футболга қараши ҳам бошқача. Унинг бошчилигида жамоамиз кучлироқ ўйин кўрсата олади. Ёзги селекция пайтида эса мураббий ўзи истаган футболчиларни жамоага таклиф қилади. Бу борада ҳам биз унга қўлимиздан келганича ёрдам берамиз. Мухлисларимиз анчадан бери жамоамизнинг ҳужумкор ва чиройли ўйин кўрсатишини кутишяпти. Ишонаманки, Ашурматовни бош мураббийликка тайинланганимиз ўз мевасини беради.

- Виктор Кумиков тажрибали мураббий. Унинг АГМКда иш бошлаганида кўпчилик бу клубни совринли ўринлар учун курашишини кутганди. Лекин ўзингиз айтганингиздек, натижалар ўхшамаяпти. Сизнингча, мураббийга нима халақит қилди ёки нима етишмади?

- Биринчи сабабларидан бири шуки, мураббийга омад етишмади. Тўғри, ўзига яраша қийин ўйинларни ўтказдик. Аммо ҳар бир беллашувда голли имкониятлардан фойдалана олмаяпмиз. Айтишим мумкинки, бу бизнинг катта муаммоимизга айланди. Бундан ташқари, жамоамизда бироз зерикарли футбол юзага келиб қолди. Тўғри, жамоамиз голлар уряпти, урмаяпти эмас. Аммо шу билан бирга охирги пайтларда ўз дарвозамиздан ҳам кўпроқ голларни ўтказиб юборяпмиз. Ўзингиз ҳам кўриб турибсиз, футбол борган сари ривожланиб боряпти. Мавсум бошида таркибимиздаги ўйинчилар сараланиб олинганди. Лекин уларнинг ҳаммаси ҳам ишончни оқлай олишмаяпти.

- Айтинг-чи, Бахтиёр Ашурматовни таклиф этиш ташаббуси кимдан чиқди?

- Клуб раҳбарияти бир овоздан Ашурматовнинг номзодини қўллаб-қувватлаган ҳолда уни жамоага таклиф этишди.

- Янги бош мураббий учун қандай вазифа қўйилади?

- Гарчи бизда мураббий алмашган бўлса-да, клуб олдига қўйилган вазифа олиб ташлангани йўқ. Биринчи навбатда кучли олтиталикка кириш учун ҳаракат қилаверамиз. Ҳар қандай ҳолатда ҳам жамоамиз охиригача курашади. Бунинг учун ҳам омад биз томонда бўлишини истардик. Бахтиёр Ашурматовнинг олдидаги турган биринчи вазифа кучли олтиталикка кириш.

- Кумиковдан олдин жамоа етакчилари – Лутфулла Тўраев билан Вадим Чемиртан ҳам клубдан кетишганди...

- Тўраев кетмаган. У жамоамиз билан бирга. Айрим сабабларга кўра машғулотларимизда иштирок этмаганди. Фақат Чемиртан АГМКни тарк этди. Тўғриси, унинг ўйини қовушмади. Легионер ҳужумчи сифатида у фақат битта гол урди холос. Бу эса албатта хорижлик ўйинчи учун кам ҳисобланади. Шу боис бу футболчи билан хайрлашдик.

- Яна бошқа транфсерга қўйиладиган футболчилар ҳам борми?

- Кейинги турдаги ўйинимизни ўйнаганимиздан кейин яна селекция борасида ўйлаб кўрамиз. Таркибимиздан бир қатор кетадиган футболчилар бор, уларнинг ўрнини муносиб ўйинчилар билан тўлдирмоқчимиз.

Шуҳратбек Жўраев суҳюатлашди.