Музаффар Тўрабоев: Мадҳиямиз янграган вақт Ўзбекистон фарзанди эканлигимдан ғурурландим

Хабарингиз бор, 6-13 октябрь кунлари Тошкент шаҳри дзюдо бўйича жаҳон чемпионатига мезбонлик қилмоқда.

Дзюдо бўйича жаҳон чемпионатида олтин медални қўлга киритган ҳамюртимиз Музаффар Тўрабоев Спортни ривожлантириш вазирлигига интервью берди.

“Айнан бугунги кун мен учун унутилмас кун бўлди. 35 млн аҳоли орасидан мана шу Жаҳон чемпионатида иштирок этиб, олтин медалини қўлга киритишдек катта бахт менга насиб этди. Мен учун тарих такрорланди десам муболаға бўлмайди. Сабаби, бундан 23 йил олдин юртимизда илк бора кураш бўйича ўтказилган Жаҳон чемпионатида отам олтин медал соҳиби бўлган. Бугун эса мен ҳам Ватанимизда илк бора дзюдо бўйича катталар ўртасида ўтказилаётган Жаҳон чемпионатида олтин медал совриндори бўлдим. Ҳозирги ҳиссиётларим таърифлаб бўлмас даражада. Ота-онам орзусини амалга оширганимдан ҳамда Президентимиз, мураббийларим, халқимиз билдирган ишончларини оқлаб юзим ёруғ бўлганидан жуда хурсандман.

Айтишим лозимки, рақибларим барчаси кучли спортчилар эди. Лекин, ҳамюртларимиз мотивация бериб, қўллаб-қувватлаб тургани учун мен ғалаба қозондим.

Муҳтарам президентимиз ютуғимни эшитиб, табрик йўлладилар. Бундан жуда ҳам мамнун бўлдим. Шу ўринда, юртбошимизга биз спортчиларга бераётган эътибори, яратиб бераётган шарт-шароитлари учун ўз миннатдорчилигимни билдираман.

Кейинги нуфузли мусобақаларда ҳам Ўзбекистонимиз байроғини юқориларга кўтаришга ваъда бераман.

Келгусида режаларимиз бисёр. Шулардан бири, Париж-2024 Олимпиадасида ҳам муносиб иштирок этиб, ватанимизга олтин медаллар билан қайтиш” — деди спортчи.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!