МЮнинг янги бош мураббийи жамоага 5 та янги футболчи олиб келмоқчи

"Манчестер Юнайтед" айни дамда ёзги трансфер режалари устида фаол ишламоқда.

Goal.com хабарига кўра, жамоанинг янги бош мураббийи Эрик тен Хаг клубдаги илк трансфер ойнасида жамоага бешта янги ўйинчи олиб келмоқчи.

"Манчестер Юнайтед"нинг асосий мақсади "Барселона" ярим ҳимоячиси Френки де Йонг ҳисобланади. Инглиз клуби нидерландиялик футболчини анчадан бери кузатиб келмоқда. "Манчестер Юнайтед" раҳбарияти уни "Аякс"даги ўйинларида ҳам, "Барселона"даги ўйинида ҳам кузатиб туришган. Бироқ, энг катта муаммо де Йонгни “Манчестер Юнайтед”га ўтишга кўндириш ҳисобланади.

Тен Хаг биладики, Поль Погба ва Неманья Матич кетганидан кейин клубга де Йонгдан ташқари камида яна битта марказий ярим ҳимоячи керак. Мураббий бу жойга Калвин Филлипс («Лидс») ва Деклан Райс («Вест Хем») номзодларини кўриб чиқмоқда. Бироқ, «Манчестер Юнайтед» Лондон клубининг Райс учун қўйган талабларини (тахминан 150 миллион фунт) бажармоқчи эмас.

Тен Хагнинг фикрича, "Манчестер Юнайтед" ёзги трансфер ойнасида барча чизиқларни кучайтириши керак.

Ҳужум чизиғини мустаҳкамлаш ҳам асосий режалардан бири ҳисобланади. "Манчестер Юнайтед" бу борада "Бенфика" ҳужумчиси Дарвин Нунешга қизиқиш билдирмоқда.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!