Наманган шаҳри ҳокими
Ads

 

13 июль куни "Навбаҳор" клуби раҳбарияти, мураббийлар штаби ва футболчилар Наманган вилоят ҳокими қабулида бўлишди. Наманган вилоят ҳокимлигининг кичик мажлислар залида ташкил этилган маросимда жамоа аъзоларидан ташқари вилоятдаги ҳомий ташкилот раҳбарлари ҳам иштирок этишди. Бу ҳақда "Навбаҳор" клуби матбуот хизмати хабар бермоқда. 

Маросим аввалида сўз олган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати аъзоси, Наманган вилоят ҳокими, вилоят футбол федерацияси президенти Хайрулла Ҳайитбоевич Бозоров сўз олди. Вилоят ҳокими йиғилишдан асосий мақсад "Навбаҳор" футбол клубига янги президент тайинлаш ва иккинчи даврани муносиб тарзда ўтказишни таъминлашдан иборат эканлигини билдирди. Бозаров яқинда Наманган шаҳар ҳокими сифатида иш бошлаган Шавкатжон Шокиржонович Абдураззоқовни клуб президенти сифатида йиғилганларга таништирди. Вилоят ҳокими клуб президентининг фаолиятини муваффақиятли чиқиши билан бир қаторда фаолиятига омад тилади.

Сўзга чиққан клуб президенти Шавкатжон Абдураззақов  биргаликда "Навбаҳор" жамоасини юксак ўринларга олиб чиқишдан умидворлигини билдирди. Шунингдек, нотиқ ўз сўзида миллионлар ўйинига бефарқ эмаслигини, ёшлик чоғида футбол билан шуғулланганлигини айтиб, жамоа равнақи ва мухлисларни ҳурсанд қилиш учун ҳамжиҳатликда иш олиб борилишини таъкидлади.

Шундан сўнг жамоа бош мураббийи Илҳом Мўминжонов сўзга чиқиб, жамоанинг биринчи даврадаги иштироки ҳақида сўз юритиб, иккинчи даврага олиб борилаётган тайёргарлик жараёни ҳақида ахборот берди. Мўминжонов иккинчи даврани муносиб тарзда ўтказиб жамоа мухлисларини ҳурсанд қилиш асосий мақсад эканлигини билдирди. Айнан шу мақсадда таркибга Аббос Махсталиев, Дониёр Усмонов, Мурод Ражабов ва Мирзоҳид Маматхановларни таклиф этилганлигини айтиб, футболчиларни йиғилганларга таништирди. Ўз навбатида мураббий таркибга янги ўйинчиларни жалб этиш борасида музокаралар давом этаётганлигини қўшимча қилди.

Бош мураббийнинг сўзларини тинглаган вилоят ҳокими жамоага маҳоратли ҳужумчи жалб этиш кераклигини уқтирди. Мураббий бунга жавобан бу борада ҳам музокаралар давом этаётганлигини айтиб, биринчи даврани жароҳат туфайли тўлиқ ўтказа олмаган Рўзимбой Аҳмедовни сафга қайтганлиги сабабли жамоада олиб қолганлигини билдирди.

Вилоят ҳокими Хайрулла Бозаров жамоанинг биринчи даврадаги иштироки ҳақида ўз фикрлари билан ўртоқлашди:

- Майдонда футболчилар чиройли ва мазмунли ўйин намойиш этишлари лозим. Рақиб дарвозасига битта гол уриб, ютуқни ушлаб қолиш мақсадида ҳаракат қилишни нотўғри деб ўйлайман. Чиройли ўйин намойиш қилиб тактик усулларни қўллаб ғалаба сари интилиш ўйингоҳни тўлдириб ўтирган мухлисларга қувонч бахш этади. Шундан келиб чиққан ҳолда ютуқ учун мазмунли ўйин орқали интилиш керак. Биринчи даврада жамоанинг урган голлари сони анча кам бўлди. Комбинацион хатти-ҳаракатлар орқали нафақат голлар сонини балки ютуқларни ҳам ошириш мумкин. Тажрибали футболчилар майдонда етакчиликни қўлга олиб жамоани муносиб тарзда тўп суришини таъминлаши лозим. Олдинги йилларда жамоага бўлган эътибор у қадар кучли бўлмаганди. Бу йилдан вазият ўзгарди. Ҳомийларимиз "Навбаҳор"ни чемпионатда муносиб иштирок этиши учун ёрдам бериб келишмоқда. Бунинг учун ҳомийларимизга катта раҳмат. Футболда моддий таъминот муҳим саналади. Доимий равишда жамоалар моддий томондан қўллаб-қувватланган. Ўзбек футболига ҳам хорижий инвесторларни кириб келаётганлигига гувоҳ бўлмоқдамиз. Вақти келиб "Навбаҳор"га ҳам хориждан ҳомийлар топилар. "Навбаҳор" халқ жамоаси, шундай экан ҳозирча маҳаллий ҳомийлар кўмагида жамоани кўтаришга ҳаракат қиламиз. Бунга жавобан футболчилар майдонда муносиб ўйин кўрсатиб билдирилган ишончни оқлашлари керак. Иккинчи даврада "Навбаҳор"га омад ёр бўлсин, - дея Бозаров ўз сўзини якунлади.

Йиғилиш сўнггида футболчилар номидан Дилшод Жабборов яратиб берилаётган шарт-шароитлар ва билдирилган ишонч учун миннатдорчилик билдириб, иккинчи даврада раҳбарият ва мухлислар ишончини оқлаш учун астойдил ҳаракат қилишларини айтиб ўтди.