"Навбаҳор" футболчиси легионерга айланиши мумкин

Мавсум бошида “Навбаҳор” клуби бир қанча янги ўйинчиларни ўз сафига қўшиб олганди. Аммо уларнинг барчаси ҳам асосий таркибда ўйнаб кета олмади.

Мисол учун андижонлик Хушнуд Авилов фақатгина бир марта, 6-турда “Навбаҳор”нинг “Турон”га қарши учрашувида тўлиқ иштирок этди холос. Айрим пайтларда эса, у ёшлар жамоасида ўйнаб турди.

Sports.uz маълумотига қараганда, ушбу ҳимоячи “Навбаҳор”ни тарк этмоқчи. Мазкур масала бўйича футболчи билан боғландик.

- “Навбаҳор”да менга кам имконият берилди. Шу сабабдан мураббийга ҳеч бўлмаганда ёшлар жамоаси сафида ўйнаб, спорт формамни ушлаб туришимга рухсат беришини айтдим. Виктор Жалилов негадир менга кам имконият берди. Ёшларга имконият бергани қўрқди. Одатда, Виктор Романович таваккал қилишни хоҳламайди. Ёшлар жамоаси сафида ҳам кўп ўйнамадим. Айрим сабабларга кўра, уйда бўлдим. Бир ўзим шуғулланиб турдим. Мана, 10-15 кундан бери жамоа билан бирга бўлдим. Раҳбарият билан гаплашяпман. “Навбаҳор”дан кетмоқчиман. Уларга кетишимга рухсат беринглар, деб айтдим. Ҳозирча клуб аниқ жавоб айтгани йўқ, - дейди Авилов.

Маълумки, 23 ёшли футболчи “Навбаҳор”га “Андижон”дан қўшилган. Кеча водий дербисида “Андижон” илк бор Наманган майдонида ғалаба қозониб қайтди. Кўпчилик буни кутилмаган натижага ҳам қиёслашяпти. Авилов эса собиқ клубининг ғалабаси ҳақида шундай деди:

авилов_2

- “Андижон” жамоасининг Намангандаги ғалабаси кутилмаган натижа бўлмади. “Андижон”нинг қандай ўйин кўрсатишини биламан. Ўзим у ерда ўйнаётганимда Наманганда дуранг ўйнаб кетгандик. Шуни биламанки, “Навбаҳор” билан ўйин бўлса, “Андижон” раҳбарлари, футболчилари ва мухлислари ҳам жиддий тайёрланади. Шунинг учун уларнинг ютуғини кутилмаган натижа, деб ўйламайман. Балки “Навбаҳор” футболчилари ўйиндан аввал ютиб қўйишгандир ва рақибни у қадар менсимагандир. “Андижон”ни ҳақли ғалабага эришгани билан табриклайман.

Хуллас, Авилов “Навбаҳор”га қўшилганидан кейин деярли ўйин амалиётисиз қолиб кетди. Бундай вазиятда у мазкур жамоага ўтганидан афсусланиб қолмадими?

- Футболда ҳамма нарса бўлади. Бир қадам орқага юриб, энди икки қадам олдингақадам босиш мумкин. “Навбаҳор”даги ишларим ёмон эмас, фақат кам ўйин амалиётига эга бўлдим. Ҳозир мен роса ўйнайдиган ва ўсадиган ёшдаман. Менда 3-4 та таклифлар бор, шуларни кўриб чиқяпман. Ҳаммасини “Навбаҳор” раҳбарияти билан келишган ҳолда ҳал қиламиз.

Мавсумни катта мақсадлар билан бошлаган “Навбаҳор”нинг турнир жадвалида ўзига ярашмаган ўринда эканлиги наманганлик мухлисларни ранжитяпти. Хушнуд жамоасининг биринчи даврадаги иштироки хусусида ҳам муносабат билдирди.

- Жамоага барқарорлик етишмаяпти. Мураббийга кўпроқ имконият бериш керак, клубда эса мураббий алмашиб турибди. Натижада “Навбаҳор” бир текисда ғалабаларга эриша олмаяпти. Шунинг учун ҳам клуб ўзига ярашмаган 10-ўринни эгаллаб турибди. “Андижон”га қарши учрашув ҳам “Навбаҳор” ўзига керакли натижани қўлга киритадиган ўйин эди, аммо очколарни бериб қўйди.

авилов2_1

Дарвоқе, Авиловни яна “Андижон”га қайтиши мумкин, деган гап-сўзлар ҳам йўқ эмас. Умуман айтганда, футболчи ўзига қаерлардан аниқ таклифлар бўлаётанига очиқлик киритди.

- “Андижон” менга ҳали таклиф билан чиққани йўқ. Аммо ўзим ҳам кўча-куйда Авилов “Андижон”га қайтаркан, деган гапларни эшитиб турибман. Бу фақат мухлисларнинг гапи. Яна такрорлайман: клубдан менга таклиф бўлмади. Агар чорлов бўлса, ўйлаб кўраман. Ростини айтаман, айни пайтда олдимда Индонезия ва Малайзиядан аниқ таклифлар турибди. Уларга ўзим ҳақимдаги барча маълумотларни юборганман. Энди “Навбаҳор”нинг жавобига қараб турибман. Хориждаги клублар мени сотиб олмоқчи эмас, эркин агент сифатида келишимни истаяпти. Бундан ташқари, Суперлигининг икки-учта клубидан ҳам аниқ таклифлар бор. Боя айтдим, “Навбаҳор”да кам ўйин амалиётига эга бўляпман. Бунгача икки йил давомида “Андижон”да тўлиқ ўйнадим ва ўсишга эришдим. Афсуски, “Навбаҳор”га келиб фақат битта ўйинда асосий таркибда майдонга тушдим холос. Менга бошқа имконият берилмади. Суперлиганинг иккита клубидан 100 фоизли таклиф турибди. Малайзия клубини мураббийи ҳам мени ўз жамоасида кўрмоқчи. Катта эҳтимол билан иккинчи даврани бошқа клубда ўтказаман. “Навбаҳор” мен билан ҳамкорликни давом эттиришни хоҳламаяпти. Уларга ҳам менга ўйин амалиёти зарур, деб айтдим ва мени тўғри тушунишларини сўрадим.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
PROSTO TELE
04/07/2021 22:45
Тугри киласан кет Навбахордан. Шавкат Абдураззаков Навбахорни расвосини чикариб юборди.
&
cr7 lm10 $$ss
05/07/2021 09:59
Legonerlar kupaysin
&
Ашуров Бахтийор
05/07/2021 07:52
Ўзинг тўғри деб билган қарорни қабул қил.