"Навбаҳор" футболчиси мухлисларга мурожаат қилди

Ўзбекистон кубоги гуруҳ босқич 3-туридан ўрин олган “Навбаҳор” – “Олимпик” жамоалари ўртасидаги учрашув арафасида “лочинлар” ярим ҳимоячиси Сардор Теляков бўлажак ўйин ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди. Футболчи мухлисларга мурожаат қилиб, жамоани қўллаб-қувватлашга чақирди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар берди.

- “Олимпик” Про-лига иштирокчиси бўлса-да, ҳар бир рақибга ҳурмат билан қараш лозим. Буни Ўзбекистон кубоги гуруҳ босқичидаги олдинги ўйинлар ҳам тасдиқлади, яъни аввалги баҳслардаги рақибларимиз ҳам Про-лига ва Биринчи лига вакиллари бўлишса-да, жамоамизга муносиб қаршилик кўрсатишга интилди. Ўша ўйинлардаги ғалабалар осонликча қўлга киритилмади. “Олимпик” жамоамиз каби олдинги иккита беллашувда зафар қучганлиги боис, бўлажак учрашув гуруҳ ғолибини аниқлаб бериши билан ҳам аҳамиятли. Кейинги босқичга гуруҳ пешқадами сифатида йўл олмоқчимиз. Шу боис, баҳсда ғалаба қозониш учун барча имкониятимизни ишга соламиз.

Ушбу ўйиндан бошлаб, жамоамиз мухлислари яна бевосита стадионда биз – футболчиларни қўллаб-қувватлаш имкониятига эга бўлишади. Шунинг учун ишқибозларга қувонч улашишга ҳаракат қиламиз. Фақат улар жамоамизни муносиб тарзда қўллаб-қувватлаб туришса, бўлгани, - деди футболчи.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Akbarali Abdunazarov
01/05/2021 05:00
Навбахорда уйин услубини узгартириш керак, тажовускорлик ва уйиннинг чиройи йук, куп паслари нотугри, пала партиш уйнамокда, бундай уйин билан мухлисларни мехрини козониш кийин (Насаф мухлиси)