"Навбаҳор" иштирокидаги ўйинда 9 та гол урилди!
ФИФА кунлари сабабли, Ўзбекистон Coca Cola Суперлигаcида юзага келган танаффусдан унумли фойдаланиш мақсадида, “Навбаҳор” 22 сентябрь куни Наманган шаҳар, Давлатобод туманидаги “Марказий” ўйингоҳда Қирғиз Республикасининг “Нефтчи” (Қўчқор-Ота) клуби билан халқаро ўртоқлик учрашуви ўтказди.
Таъкидлаш жоизки, кечаги рақиб “Нефтчи” Қирғиз Республикаси чемпиони (2010), вице-чемпиони (2011), бронза медали соҳиби (2020) саналади. Шунингдек, қўчқор-оталиклар Қирғиз Республикаси кубоги (2019, 2021) ва Суперкубоги (2011)ни ҳам қўлга киритишган.
Айни пайтда эса “Нефтчи” Қирғиз Республикаси Премьер-лигасида “Абдиш-ата” ҳамда “Алай” клубларидан сўнг, 32 очко тўплаган ҳолда, турнир жадвалида 3-ўринда бормоқда.
Кечаги ўйинда “Навбаҳор” устози Самвел Бабаян асосан захира футболчилари ҳамда ёшларни майдонга тушириб, синаб кўрди.
Учрашувда жамоамиз йирик – 7:2 ҳисобида ғалаба қозонди. Айтиш лозимки, беллашувда ҳисобни меҳмонлар очишди. Кейин эса “лочинлар” ушбу голга 4 та гол билан жавоб бериб, танаффусга 4:1 ҳисобидаги ғалаба билан чиқиб кетишди.
Иккинчи бўлимда ҳам дастлаб қирғизистонликлар ҳисобни қисқартиришди. Сўнгра, майдон эгалари яна 3 та гол урган ҳолда, якуний ҳисобнинг 7:2 кўриниш олишини таъминлашди.
“Навбаҳор”нинг голларига Игорь Голбан, Азимжон Аҳмедов (пенальтидан), Диёржон Туропов, Музаффар Мўминов, Асадбек Собиржонов ва Жасур Яхшибоев (2 та) муаллифлик қилишди.
“Нефтчи”дан эса ҳужумчи Эльдар Молдужунусов “дубл”га эришди.
Шу тариқа, жамоамиз халқаро ўртоқлик баҳсида йирик ҳисобда зафар қучди.
“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.
Фикрлар