"Навбаҳор" "Локомотив"га қарши назорат учрашувини ўтказди
Хабарингиз бор, Ўзбекистон миллий терма жамоаси ЖЧ-2022 ва ОК-2023 қўшма саралаш мусобақаларида иштирок этиши муносабати билан Суперлига баҳсларида бир ойлик танаффус юзага келди.
Мазкур танаффус пайтида футболчиларнинг ўйин амалиётини сақлаб туриш мақсадида “Навбаҳор” бугун Тошкентда “Локомотив”га қарши ўртоқлик учрашуви ўтказди.
Мазкур ўйиннинг 1-бўлимида ҳисоб очилмади ҳамда жамоалар танаффусга 0:0 ҳисобидаги нурсиз дуранг билан йўл олишди.
Иккинчи бўлимда ташаббусни ўз қўлига олган Виктор Жалилов шогирдлари Иван Соловьёв, Аббос Ғуломов ва захирадан майдонга туширилган Шерзод Ғуломжоновнинг жарима зарбасидан урган голлари эвазига 3:0 ҳисобида олдинга чиқиб олишди. Учрашув якунида “темирйўлчилар”нинг тажрибали ҳужумчиси Марат Бикмаев тўп киритиб, ҳисобдаги фарқни қисқартирди – 1:3.
Шу тариқа, “лочинлар” ушбу ўйинда 3:1 ҳисобида ғалаба қозонди.
Таъкидлаш жоизки, мазкур баҳсда Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Тошкентдаги ўқув-машғулот йиғинида қатнашган жамоа сардори Азимжон Аҳмедов ҳам майдонга тушди.
“Навбаҳор” футболчилари бугун Наманганга қайтиб, яна машғулотларни давом эттиришади.
Машғулотларда футболчиларга куч-қувват тилаб қоламиз.
“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.
Фикрлар