“Навбаҳор” мураббийи мухлислар ҳавотирига сабаб бўлган мағлубият, Суперлига ва кубокдаги омадсиз иштирок, жамоанинг мақсади ва бошқалар ҳақида

Виктор Жалилов “Навбаҳор”да ишлаган кезлари кўплаб ёшларни кашф этиб, уларни асосий таркибга жалб этганди. 1999 йили Шуҳрат Мирхолдиршоев, Санжар Асқаралиев сингари иқтидорли футболчилар қаторида бўлган Шерзод Жўраев бугунги кунда “Навбаҳор” мураббийлар штабида Нўъмон Ҳасановга ёрдамчилик қилмоқда. Клуб матбуот хизмати айни пайт Туркия йиғинида жамоа билан бирга бўлиб турган Жўраев билан суҳбатлашди.

photo_2021-02-08_17-10-39

- Тошкентдаги машғулот жараёни қандай ўтди?

- Йиғинни аъло даражада ўтказдик, деб бемалол айта оламан. Бизга зарур шароитларни яратиб беришаётгани учун Наманган вилояти ҳокими, вилоят футбол ассоциацияси президенти Шавкат Шокиржанович Абдураззақов ҳамда “Навбаҳор” клуби вице-президенти Отабек Арифович Саматовга миннатдорлик билдирмоқчиман. Тошкент йиғини давомида бир нечта ўйинлар ўтказдик. Бош мураббий режасига мувофиқ тарзда кунига икки маҳалдан машғулот ўтказдик.

- Назорат-синов ўйинларига батафсилроқ тўхталсангиз...

- Бундай пайтларда юкламалар катта бўлади, кунига икки маҳалдан машғулот ўтказиш туфайли назорат ўйинлари пайти футболчиларнинг қийинчиликларга дуч келишлари табиий ҳол. Наманганда ҳам, Тошкентда ҳам ўйинчилар худди шундай юкламалар билан майдонда ҳаракат қилишди.

- “Оқ-тепа” билан ўйинда йирик ҳисобда имконият бой берилиши кўпчиликни хавотирга солди. Бу нима билан боғлиқ?

- Мазкур ўқув-йиғинида асосан ёш футболчилар таркибга жалб қилинди. Уларнинг нималарга қодирлигини ўртоқлик учрашувлари орқали аниқлаб олишга ҳаракат қилинди. Ёшлар таркибидан асосий жамоага ўтиш жараёни осон кечмайди. “Оқ-тепа” билан ўйинда ҳисобнинг йирик кўриниш олишига шу сабаб. Умуман, ўша учрашувнинг биринчи бўлимида йигитлар жуда яхши тўп тепишди, лекин юқорида таъкидлаганимдек, машғулотларда олинаётган юкламалар ўз сўзини айтмай қолмади.

- Селекция ишларининг олиб борилиши ҳақида нима дея оласиз?

- Кўряпсиз, ҳар битта чизиққа савияси тенг бўлган футболчилар олиняпти. Мисол учун, Қувондиқ Рўзиев, Баҳром Абдураҳимов, Сербиядан Никола Тасич ва Марко Путинканин олиб келинди. Муҳими, ўтган йилги жамоанинг ўзаги сақлаб қолинди. Қўшимча тарзда таркибга тажрибали, ўйинни кучайтиришга қодир футболчилар жалб қилинди.

- Сизнингча, ушбу таркиб билан бўлажак мавсумда жамоамизда кучли учликдан ўрин олиш имконияти борми?

- Насиб қилса, албатта, шундай бўлади. Ҳар доим айтганман, Наманганда аввалдан чиройли футбол бўлган, ҳозир ҳам бор, келгусида ҳам бўлади.

Шерзод_Жўраев_расмлари_-_9

- Ўзингиз “Навбаҳор”да тўп тепгансиз, маҳаллий мухлислар сизни яхши танишади. Умуман, футболга кириб келишингиз қандай рўй берган, бунга кимлар сабабчи?

- Авваллари билсангиз, мураббийлар маҳаллалар ва мактаблардаги футбол ўйинларини ҳам кузатишарди. Ўша кезлари уйимизга яқин ҳудудда жойлашган мактаблар майдонида футбол ўйнаб юрганимизда, мураббийлар ўйинимни кўришган. Футболга кириб келишимга Ўткир ака ҳамда Аҳмад акалар (Холмирзаев) сабабчи. Кейинчалик Герман Титов номидаги Республика олимпия захиралари коллежига мени олиб кетишганди. Бугунги кунда футбол соҳасидан узоқлашмаган танишларим жуда кўп. Масалан, Санжар Асқаралиев, Шуҳрат Мирхолдиршоев, катта футболда бизга кўп ёрдам берган Рашид Ғофуров, Хайрулло Каримов ҳамон футбол билан ҳамнафас. Шунингдек, “Навбаҳор”да ўйнаб юрган кезларим Сайдулло Турсунов, раҳматли Тоҳир Мадраҳимов жуда катта ёрдам берган.

- “Навбаҳор”да тўп тепиш орқали қандай таассуротларга эга бўлгансиз? Дейлик, бугунги кунда клубда маслаҳатчи-мураббий вазифасини бажараётган Виктор Жалилов қўл остида ҳам ўйнагансиз...

- Бу инсонни жуда қаттиқ ҳурмат қиламан. “Навбаҳор”га илк бор келган пайтларим Виктор Романович мен учун иккинчи отамдек қадрдон бўлиб қолганди. Унинг қўл остида имкон қадар муносиб тарзда тўп тепишга интилдик, элга танилдик. Ўша пайтлари бу мутахассисдан ўрганганларимиз ҳозирги кунда бизга асқотяпти. Жалиловнинг одамлар билан гаплашиши, ўйин пайти ўзини қандай тутиши, шунга ўхшаш жиҳатларни ундан ўрганганмиз.

- Футболчилик даврингизда жуда кўп мураббийлар қўл остида ўйнагансиз. Улар орасида энг катта таассурот қолдиргани ким?

- Кўпроқ Виктор Романович қўл остида ўйнаганмиз. Мураббийлик фаолиятимда Деян Журжевич, Андрей Канчельскис билан бирга ишладим, бугунги кунда Нўъмон Ҳасанов билан ёнма-ён ишлаяпмиз, улардан кўп нарса ўрганяпман. Футболчилик давримдаги устозларим ҳақида айтадиган бўлсам, юқорида таъкидлаганимдек, кўп нарсаларни айнан Жалиловдан ўзлаштирганман. Виктор Романович жамоада қандайдир муаммо вужудга келса, уни ўта босиқлик билан ҳал қиларди, ўйин пайти турли услубларни қўллаб, мураккаб вазиятдан чиқиб кетишидан ёрқин таассурот олганман. Мавриди келганда, эътироф этмоқчиманки, Виктор Романовичнинг “Навбаҳор”да яна иш бошлагани жуда қувонарли ҳол. Чунки ўтмишда наманганлик кўплаб иқтидор эгаларини кашф этган мутахассис эндиликда яна ушбу эзгу ишини давом эттиришига шубҳа қилмайман. Унинг бу борадаги жуда катта тажрибаси бор.

- Ўтган йили “Навбаҳор”нинг Суперлигада омадсиз иштирок этишига, сизнингча, нималар сабаб бўлди?

- Албатта, пандемия ўз сўзини айди. Чунки узоқ вақт футболсиз қолиб кетдик, кейин эса бирданига чемпионат Тошкентда марказлаштирилган тарзда давом эттирилди. Пойтахтда футболчиларимизда касаллик аниқланди, оптимал таркибни майдонга тушириш имкониятидан маҳрум бўлдик. Қолаверса, жароҳатлар, қизил карточкалар панд берди. Оқибатда муҳим очколарни йўқотдик. Фурсатдан фойдаланиб, футболчиларга раҳмат айтмоқчиман. Вирусдан тўлиқ халос бўлиб, тузалишганидан кейин “Навбаҳор” сафида бор кучларини бериб ҳаракат қилишди, ўзларини аяшмади. Ҳолсизланиб қолишганда ҳам майдонга чиқиб, тўп тепишди. Мисол учун, Азимжон Аҳмедов, Азизбек Турғунбоев, Мирзоҳид Ғофуров жуда қийин аҳволда эканлигига қарамай қатнашишди. Албатта, бу билан ўзимизни оқламоқчи эмасмиз, лекин астойдил ҳаракат қилишимизга қарамай, карантин жараёнида чекловлар, барибир, ўйинларга тўлақонли ҳозирлик кўриш имкониятидан маҳрум қилди.

- Ўзбекистон кубогида-чи? Жамоага омад етишмадими?

- Кўрдингиз, Ўзбекистон кубогининг чорак финали доирасидаги “Насаф”га қарши баҳс ноқулай об-ҳаво шароитида кечганига қарамай, йигитлар майдонда бор кучларини сарфлашди. Мақсадимиз жуда юқори эди, Ўзбекистон кубогида финалга чиқиш ниятида эдик. Наманганда ўтказилган ҳал қилувчи беллашувда қатнашиш учун боримизни бердик, аммо бирозгина омад етишмаслиги натижасида ютқазиб қўйдик. Футболда омад катта аҳамиятга эга.

- Жамоа машғулотларни Туркияда давом эттирмоқда...

- Бундай йиғинлар жамоа учун фойдадан холи эмас. Машғулотлар Туркияда олиб борилмоқда. Наманган ҳамда Тошкентдаги йиғинларда амалга оширилган ишлар самараси бу ердаги ўртоқлик ўйинлари орқали намоён бўлади. Хорижда спарринг-рақиб сифатида кучли рақиблар танланиши катта наф келтиришига шубҳам йўқ.

- Янги мавсумда “Навбаҳор” олдига қандай мақсадлар қўйилди?

- Биласиз, “Навбаҳор” ҳар мавсумни фақат чемпионлик, кубок соҳиби бўлишни ният қилган ҳолда бошлайди. Шундай экан, анъаналарга содиқ қолиб, бу йил ҳам фақат юқори марраларни кўзлаймиз.

- Қайси жамоага мухлислик қиласиз? Футболчилик пайтингизда бирор кумирингиз бўлганми?

- Болалигимдан “Манчестер Юнайтед”га ишқибозлик қилганман. Ҳозиргача шундай. Райан Гиггзнинг ўйинларини мириқиб кузатганман, унга ҳавас қилганман.

- “Навбаҳор” мухлисларига тилакларингиз...

- Футболчилик пайтимда стадионни тўлдириб ўтирадиган “Навбаҳор” мухлислари қаршисида тўп тепишдан ўзгача завқ олардим. Бизнинг ишқибозлар жамоани чин дилдан яхши кўришади. Шу мухлислар ҳурмати “Навбаҳор” билан юқори натижаларга эришишимиз керак. Жонкуяр ишқибозларга соғлик-саломатлик тилайман, чунки улар бор экан, Наманганда футбол умрбод яшайди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!