"Навбаҳор" мухлислари Суперлигада тенгсиз бўлди (статистика билан танишинг)
Маълумки, “Навбаҳор” "Суперлига – 2023"да бронза медалини қўлга киритди.
Майдондаги футболчиларга мухлисларнинг руҳан қўллаб-қувватлашлари ҳамда далда беришлари ҳам руҳий қувват беради ва ҳужумкорликни ошириш, ғалабага бўлган иштиёқни оширишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
“Навбаҳор” 1991 йили собиқ иттифоқ биринчи лигасида ўйнаганида мухлислар ташрифи бўйича Москванинг “Спартак” жамоасидан кейин 2-ўринни эгаллаганлиги ҳам бунга мисол бўла олади.
Наманганлик ишқибозларнинг довруғи Осиё ҳамда МДҲ мамлакатларига таралган. Шу боис бўлса керак, бошқа клублар раҳбарлари, мураббийлари ва футболчилари “Навбаҳор”га ҳавас билан қарашади.
Хўш, ўз мухлислари билан довруғ таратган “лочинлар”нинг жорий мавсумдаги баҳсларига қанча томошабин ташриф буюрди?
“Навбаҳор”нинг якунланган мавсумдаги ўйинларини жами 248 754 нафар мухлис бевосита стадионларда томоша қилди ҳамда бу борада “лочинлар” барча Суперлига жамоаларини ортда қолдирди. “Навбаҳор”нинг ўз майдонидаги 13 та учрашувига жами 164090 нафар, сафардаги 13 та ўйинига эса жами 84664 нафар томошабин ташриф буюрди. Бу статистика клуб матбуот хизмати томонидан тақдим этилди.
Битта ўйинда энг кўп мухлис тўплаш бўйича рекорд ҳам жамоага тегишли. Суперлиганинг 25-туридан ўрин олган, жорий йилнинг 10 август куни Намангандаги “Марказий” стадионида бўлиб ўтган “Навбаҳор” – “Пахтакор” (1:2) учрашувига 25260 нафар мухлис ташриф буюрди.
Фикрлар