"Навбаҳор" устози: "Рақибда 100 фоиз имконият бўлганини эслай олмайман"

Ўзбекистон Суперлигасининг 17-туридан ўрин олган “Сурхон” – “Навбаҳор” (0:1) учрашувидан кейинги матбуот анжуманининг биринчи қисмида меҳмонлар бош мураббийи Сергей Лушан иштирок этиб, ОАВ ходимларининг саволларига жавоб берди.

Сергей Иванович одатдагидек, ўз сўзини ўйин ҳақидаги фикрлари билан бошлади.

 - Ўйин ва натижадан кўнглим тўлди. Менинг бошқарувимда жамоа илк бор ўз дарвозасидан тўп олиб чиқмади ва биринчи бўлиб, гол урди.

 Йигитларга бугун ўзларининг бор маҳоратларини ишга солган ҳолда ҳаракат қилишгани учун раҳмат айтаман. Ҳисоб адолатли бўлди, деб ҳисоблайман.

Таркибимизда номдор ва тажрибали футболчилар бор. Шундай экан, албатта биздан натижа кутилади. Таъкидлаш жоиз, чемпионлик учун кураша оладиган футболчиларимиз бор. Бироқ, биринчи даврада бой берилган очколар, ҳозирга келиб, жамоадаги дуранглар сони 8 та етиши бизга мавсум чемпионлиги ҳақида ўйлашга фурсат қолдирмайди. Бироқ, бўшашмасдан давом этсак, натижа ўзи келади. Бугун дарвозабондан тортиб, ҳужумчигача барча яхши ўйнади.

 - Умид қиламизки, ушбу ғалаба “Пахтакор”га қарши кечадиган Ўзбекистон кубоги ярим финали ўйини олдидан жамоага руҳий далда бўлади?!

- Албатта, ҳозир айнан биз ишлаётган иккинчи аспект руҳий холат билан боғлиқ. Футболчиларимизнинг ўйин даражаси рақибларникидан баланд, бироқ, гол уришга келганда оқсаяпмиз. Нега эканлигини билмайман. Ваҳоланки, машғулотларда мўъжиза кўрсатиб ташлаяпмиз. Йигитлар биринчи даврада керагидан ортиқ ўйинда очко йўқотишгани боис, чўчиб қолишган. Чемпионлик мақсади қўйилган жамоага ташаббусга эга бўлган холда,  биринчи даврада 7 та дуранг ўйнаши салбий таъсир қилган. Мана шундай оғир учрашувлардан сўнг, барчада руҳий ҳолат яхшиланиб, ўз кучига ишонч пайдо бўлишни бошлайди. Ярим финалдаги ғалаба ўзимизни янада яхшироқ ҳис қилиш имконини беради.

- Бугун рақибни яхши ўрганганингиз ҳақида айтингиз. Абдусаломовни зич зонада қолдириш ҳам режада бормиди?

- Такрорлайман, биз жуда кичик деталларгача ўргандик. Бир ҳафта давомида айнан шу учрашув учун тайёргарлик кўрдик. “Сурхон” шаклланган яхши жамоа. Биз устунликни рақибга топширган ҳолда, иккинчи рақамда ўйнадик. Менимча, натижа адолатли бўлди. Якунда, ҳисобни катталаштиришимиз ҳам мумкин эди. Рақибда 100 фоизлик имконият бўлганини эслай олмайман. Йигитлар бугун ҳимояда ишончли ўйин намойиш этишди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!