"Навбаҳор" вице-президенти бош мураббий, клубнинг янги йўналиши, мақсади ва Азиз Турғунбоев ҳақида нималар деди?

“Навбаҳор” клуби доимгидек янги мавсумга пухта ва жиддий тайёргарлик кўряпти. Вилоят ҳокими шахсан жамоага катта эътибор қаратиб, етарли шароитларни яратиб беряпти. Бу эса ўз навбатида маҳаллий мухлислардаги ишончни янада оширяпти.

Қолаверса, раҳбариятнинг жиддий эътибори туфайли мураббийлар ҳамда футболчилар ҳам айни пайтда кўтаринки кайфиятда тайёргарликни олиб бормоқдалар.

Биласиз, бош мураббий масаласи борасида ҳам вазият қандай кўриниш олиши жуда қизиқ туюлди. Якунда эса амалдаги бош мураббий Нўъмон Ҳасановга ишонч билдирилди. Кузатаётган бўлсангиз, таркибда ҳам яхшигина ўзгаришлар юз беряпти ва тажрибали ўйинчилар таклиф қилиняпти.

Шу боис клубдаги ўзгаришлар, ҳозирги ҳолат ва янги мақсадлар хусусида “Навбаҳор” клуби вице-президенти Отабек Саматов sports.uz учун ўзининг муносабатини билдирди. 

-  Аввало шуни айтмоқчиманки, sports.uz сайти ижодкорлари - сизларни сайтингизга ва ижодингизга муваффақиятлар тилайман, - дея гап бошлади, Отабек Арифович. - Энди бевосита жамоамиз ҳақида тўхталсам, 2020 йилги Суперлига баҳслари якунланганидан кейин янги 2021 йилда қайси мураббий жамоамизни бошқариши тўғрисида чуқур мулоҳаза ва маслаҳатлар қилинди. Вилоятимиз ҳокими - Шавкат Шакиржанович Абдураззоқов шахсан ўзлари мураббий масаласига жиддий этибор қаратдилар, чунки ўзингиз биласиз, мураббий барча жамоаларда бўлгани каби натижа учун ва қўйилган мақсад учун мос бўлиши керак. Мураббий масаласида номзодлар кўриб чиқилди. Ўтган мавсумнинг сўнги ўйинларида Нўъмон Ҳасанов жамоамизга бош мураббийлик қилди. Жамоанинг ўйин услуби ўзгарди, Кубок баҳсида “Насаф” жамоасига қарши ўйин жуда ҳам қизиқарли бўлди, албатта омад етишмади. Аммо йигитлар Нўъмон Ҳасановнинг услубига мослашишди. Шу жиҳатларни  инобатга олиб, Ҳасановни бош мураббий лавозимида қолиши ва ўз услубида давом эттириш керак, деган қарор қабул қилинди. Албатта, бу қарорни Шавкат Шакиржанович ўзлари қабул қилдилар ва Нўъмон Ҳасановни расман бош мураббий этиб тайинладилар ҳамда Виктор Жалилов маслаҳатчи қилиб олиб келинди. Нўъмон Ҳасановниг олдига қўйилган вазифа - юқори ўрин учун курашиш ва маҳаллий ёшларимиздан асосий таркибга жалб қилиш.

Таркибиммиздаги ўзгаришларга келсак, албатта янги мавсумда жамоани тарк этган футболчилар бор, уларга келгуси фаолиятларида омад тилаймиз. Янги мавсумда Шавкат Шакиржанович таъкидлаб ўтганларидек, маҳаллий ёшларга катта эътибор қаратилган. Ҳозирда асосий жамоамизда 7-8 нафаргача иқтидорли ёшлариммиз йиғинларда иштирок этишмоқда. Мақсадиммиз 2-3 йилда асосий таркибимизда кўплаб маҳаллий йигитлар тўп суришини таъминлаш. Бу борада мураббийларимизга аниқ вазифа қўйилган.  Янги келган футболчиларни вилоятимиз ҳокими ва мураббийларимиз билан биргаликда маслаҳат қилинган ҳолда таклиф қилинган.

Мухлисларга келсак, албатта ўзимиз ҳам Наманганданмиз, ёшлигимиздан шу жамоамиз ўйинларига отам олиб чиқар эдилар. Доим мухлислар жамоамизни стадионни тўлдириб қўллаб-қуватлашарди ва ҳозир ҳам шундай. Биз учун мухлислар нафақат Ўзбекистонда, балки дунёда тенгсиз  деб ўйлайман. Албатта, бундай мухлиси бор жамоага юқори ўрин учун курашиш ярашади. Яхши ўринларни олиб мухлисларни хурсанд қилишни Аллоҳ насиб қилсин.

Азизбек Турғунбоев масаласига тўхталсам, у ажойиб инсон ва маҳоратли футболчи. Албатта, ўз жамоасида бу каби футболчини кўриш мухлислар учун ҳам, мураббий учун хам катта ютуқ. Азизга четдан ҳам, ўзимизнинг клублардан ҳам аниқ таклифлар бор. Ҳозир бу масала раҳбарлар, мураббийлар ва Азизбекни ўзи билан ўрганиб чиқилмоқда, - дея сўзини якунлади Саматов.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!