"Навбаҳор" халқаро ўртоқлик ўйинида ғалабага эришди

Намангандаги “Марказий” стадионда Наманганнинг “Навбаҳор” ва Ошнинг “Алай” клуби ўртасида ўртоқлик ўйини ўтказилди. Халқлар ўртасидаги дўстона алоқаларни янада мустаҳкамлаш, қолаверса, ёзги танаффус пайти кўрикда бўлиб турган футболчилар имкониятларини яна бир бор синовдан ўтказиш мақсадида ташкил этилган мазкур баҳсда “лочинлар” 2:0 ҳисобида ғалаба қозонишди.

Учрашувнинг дастлабки қисмидаёқ устунликни ўз қўлига олган “Навбаҳор” футболчилари кетма-кет ҳужумлар уюштиришди. Дастлабки уринишда Сардор Теляков дарвоза томон ноаниқ зарба йўллаган бўлса, кейинги вазиятда футболчиларимиз стандарт вазиятдан унумли фойдалана билишмади. 14-дақиқада “лочинлар” бурчакдан тўпни ўйинга киритишди, шеригидан тўпни қабул қилган бразилиялик Коста Гутинер уни жарима майдончаси ичига оширди ва ушбу вазиятда “Навбаҳор”да кўрикдан ўтаётган бошқа бир легионер – Боян Цигер боши билан дарвозани ишғол қилди – 1:0.

навбахор2_3

Бўлим охирларида Иброҳим Ғанихонов иккита қулай имкониятга эга бўлганди, аммо унинг зарбаси йўлига “Алай” посбони тўсқинлик қилди.

Иккинчи бўлимда захирадан ўйинга қўшилган Забиҳилло Ўринбоев ҳамда Аббосжон Ғуломовларда ҳам гол уриш учун фурсат туғилди, лекин сўнгги паллада уларнинг уринишлари бесамар якунланди. Шунингдек, Теляков яна бир бор кучли зарба билан ошликлар дарвозабонининг ҳушёрлигини синовдан ўтказди: “Алай” посбони яна ишончли ҳаракат қилди.

88-дақиқада Коста Гутинер яна фаоллик кўрсатиб, бу сафар чап қанотдан тўпни шерикларига ҳаволатиб узатди. Мазкур ҳолатда рақиб жамоа ҳимоячиларидан фаолроқ ҳаракат қилган Игорь Голбан учрашувдаги иккинчи голни уриб, шу тариқа якуний ҳисобни ҳам ўрнатди – 2:0. Натижада, икки марказий ҳимоячимиз томонидан урилган голлар “Навбаҳор”нинг устунлигини таъминлади.

навбахор3_1

Албатта, бу каби халқаро ўртоқлик учрашувлари барча жамоалар учун фойдадан ҳоли бўлмайди. Фурсатдан фойдаланиб, “Навбаҳор” ПФК таклифига розилик билдириб, ўртоқлик учрашуви ўтказиш учун Наманганга ташриф буюрган “Алай” ФК, жумладан, клуб раҳбариятига миннатдорлик билдирамиз ва Ош жамоасига келгуси фаолиятида омадлар ёр бўлишини тилаб қоламиз.

Халқаро ўртоқлик ўйини

19 июль (душанба)

“Навбаҳор” (Наманган) – “Алай” (Ош) – 2:0 (0:0)

“Навбаҳор”:  Ўткир Юсупов, Игорь Голбан, Боян Цигер, Давронбек Ҳошимов (Хушнудбек Авилов, 90), Мирзоҳид Ғофуров (Илҳом Алижонов, 46), Азимжон Аҳмедов, Сардор Теляков (Музаффар Мўминов, 75), Қувондиқ Рўзиев, Иброҳим Ғанихонов (Забиҳилло Ўринбоев, 46), Коста Гутинер, Исломбек Исоқжонов (Аббосжон Ғуломов, 44).

“Алай”: Азамат Жомартов, Жамшид Қобулов, Санжар Тўрақулов, Марат Аджиниязов, Алмаз Маликов, Алишер Мирзоев, Нурлан Сарикбаев, Темур Толипов, Идрис Бикмайкин, Манас Карипов, Элдар Молдожунусов.

Захира: Темирлан Апаз уулу, Дастан Алибеков, Эрлан Маширапов, Асадбек Алимов, Ислом Шамшиев, Жаҳонгир Маҳмудов, Сиргаболот Орозбек уулу, Нурдоолот Сталбеков, Аҳлидин Исраилов.

Голлар: Боян Цигер (14), Игорь Голбан (88).

"Навбаҳор" матбуот хизмати.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!