
"Навбаҳор" халқаро ўртоқлик учрашувида майдонга тушади
Ўзбекистон Суперлигасининг 2-давра баҳсларига жиддий тарзда тайёргарлик кўраётган “Навбаҳор” жамоаси футболчиларнинг спорт формаларини сақлаб туриш мақсадида, 19 июль куни халқаро ўртоқлик ўйинида майдонга тушади. Бу ҳақда "лочинлар" матбуот хизмати хабар берди.
Наманганликларга шу куни Қирғизистоннинг “Алай” (Ош) жамоаси рақиб бўлади. Мазкур клуб бу йил Тожикистонда марказлашган ҳолда ўтказилган ОФК кубоги гуруҳ босқичида Қаршининг “Насаф” жамоаси билан бир гуруҳдан жой олиб, қаршиликлардан 0:4 ҳисобида мағлубиятга учраганди.
“Алай” 8 та жамоа иштирок этадиган Қирғизистон Премьер-лига иштирокчиси ва айни пайтда 12 та ўйинда 22 очко тўплаган ҳолда, 3-ўринда бормоқда.
“Навбаҳор” – “Алай” жамоалари ўртасидаги халқаро ўртоқлик баҳси 19 июль куни соат 19:00 да Намангандаги “Марказий” ўйингоҳда бўлиб ўтади.
Фикрлар