"Навбаҳор"ни тарк этган футболчи қайси орзусига эришгани ва янги клубида нимага қойил қолгани ҳақида гапирди

Тошкентнинг “Бунёдкор” клуби ёзги селекцияда бошқа клублар қатори фаол бўлмади. Боиси, мураббийлар таркибдаги мавжуд футболчилардан қониқиш ҳосил қилмоқдалар.

Шунинг учун трансфер ойнаси очилган пайтда у қадар жиддий ўзгаришлар кузатилгани йўқ. Фақат “Бунёдкор”га “Навбаҳор”дан иқтидорли ҳимоячи Фарҳод Мираҳматовнинг таклиф қилинганини қўшимча қилиш жоиз.

Футболчи чемпионат бошланишидан аввал наманганликлар сафига қўшилганди. Лекин Фарҳод у ерда ўзи истаган даражада ўйин амалиётига эга бўла олмади. Унинг иккинчи даврани бошқа жамоада ўтказиш эҳтимоли катта эди. Боиси, уни ўз сафида кўришни истаган клублар бор эди. Натижада Мираҳматов “Бунёдкор”ни танлади. “Қалдирғочлар” билан шартнома имзолагач, футболчи Sports.uz сайтига ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

- Мавсумнинг иккинчи ярмини “Бунёдкор”да ўтказишингиз аниқ бўлди. Бу чорловни қабул қилишингизнинг асосий омили нимада?

- Мени бу клубга “Бунёдкор” мураббийлари таклиф қилди. Албатта, менга ишонч билдиришгани учун уларга ўз миннатдорлигимни билдириб қоламан. Бундан буёғига “Бунёдкор”нинг ғалабаларига ўз ҳиссамни қўшиб, ёрдам беришга ҳаракат қиламан.

- “Навбаҳор” кетишингизга қандай қаради? Клубни алмаштириш ташаббуси сиздан чиқдими?

- Ҳа, албатта. Мен раҳбарларга вазиятни тушунтирдим. Улар мени тўғри тушунди. Бунинг учун раҳмат.

мираҳматов_1

- “Навбаҳор”га мавсум бошида қўшилгандингиз ва кўриб турибмизки, Намангандаги фаолиятингиз узоқ давом этгани йўқ. Бу жамоадан кетишингиз нима билан боғлиқ эди?

- У ерда мен учун ўйин амалиёти кам эди. Мураббийлар менга ишонч билдирмаётгани сезилиб турганди. Шу сабабдан, “Навбаҳор”дан кетиб, “Бунёдкор”га ўтишни маъқул кўрдим.

- “Навбаҳор”га ўтишингиз сиз учун тўғри қарормиди?

- Мен “Навбаҳор”га ўтганимдан афсусланганим йўқ. Шу жумладан, бу жамоада ўйнаганимдан ҳам хурсандман. Шу фурсатдан фойдаланиб, “Навбаҳор” футболчиларига ҳамда ишчиларига миннатдорчилик билдираман.

мираҳматов1

- Олдингизда “Бунёдкор”дан ташқари, яна бошқа танловлар ҳам бор эди. Мисол учун, сизни “Андижон”да ҳам кутгандилар...

- “Андижон” жамоаси мени тўғри тушунади, деб умид қиламан. Уларга ҳам таклиф учун раҳмат айтаман. “Бунёдкор”га келсак, бу ўз тарихига эга жамоа. Тўғриси, ушбу клубда тўп суриш орзуим эди.

- “Бунёдкор”га ўтганингиздан кейин олдингизга қандай мақсад қўйганингизни айта оласизми?

- Худога шукр, бу ерда мени жуда яхши кутиб олишди. Насиб қилса, “Бунёдкор” орқали терма жамоадан чақирув олишни истайман. Мақсадим, клубимга фойда келтириш билан бирга миллий терма жамоага ҳам ёрдамим тегишини ният қилиб қўйганман.

мираҳматов3

- Юқорида айтганингиздек, “Навбаҳор”да ўзингиз истаган даражада ўйин амалиётига эга бўла олмадингиз. Бундай ҳолат “Бунёдкор” билан ҳам юз беришидан хавотирда эмасмисиз? Чунки ҳамма клубда ўзига яраша рақобат бор.

- Ҳа, барча жойда рақобат бор. Айнан рақобат бўлса, ўсиш ҳам бўлади. Биласизми, агар мен рақобатдан қўрққанимда “Навбаҳор”га ўтмасдим ва шу жумладан “Бунёдкор”га ҳам.

- Энди “Бунёдкор”нинг оиласига айландингиз. Бу мавсумда жамоанинг қайси ўринни эгаллашига қурби етади, деб ўйлайсиз?

- “Бунёдкор”ни совринли ўринлар учун лойиқ, деб ўйлайман. Чунки янги жамоамда коллектив жуда зўр экан. Футболчилар худди ака-укадек. Шунисига қойил қолдим.

мираҳматов2

- Дарвоқе, “Бунёдкор”га мавсум охиригача ижарага ўтдингиз-а?

- Ҳа, “Бунёдкор”га ижарага келдим, декабрь ойигача.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!