Ads

Биринчи давра якунига етгач бир неча кун давомида дам олиш имконига эга бўлган "Навбаҳор" жамоаси аъзолари бугунган иккинчи даврага тайёргарликни бошлаб юборишади. Бу ҳақда клуб расмий сайти хабар бермоқда.

Манбанинг маълум қилишича, дастлабки режага кўра ўқув-машғулот йиғинини Дукентда ўтказиш кўзда тутилганди. Лекин, олдинги режага ўзгартириш киритилди. Шу сабабли футболчилар бугундан машғулотларга Наманганда киришишади. Намангандаги йиғин 15 июлга қадар давом этади. Шундан сўнг “Навбаҳор” иккинчи даврага тайёргарликнинг иккинчи босқичини Тошкентда давом эттиради. Пойтахтдаги машғулотлар 25 июлга қадар давом этади. Табиийки Тошкентдаги машғулотлар чоғида назорат учрашувлари ҳам ўтказилади. Айни пайтда мураббийлар тўртта ўртоқлик ўйинида майдонга тушишни режалаштиришган.

Намангандаги йиғин давомида ҳам битта назорат ўйини ўтказилади. 14 июль куни футболчилар биринчи лига вакили “ЎзДонгЖу” жамоаси билан баҳс олиб боришади. Мазкур учрашув Намангандаги “Марказий” ўйингоҳда ўтказиш кўзда тутилган. Бугун куннинг иккинчи ярмида клуб қароргоҳида йиғилган жамоа аъзолари кечки пайт дастлабки машғулотда қатнашишади.