“Навбаҳор”нинг янги легионери ўзбек футболи, Қосимов, Шомуродов, Ўрунов, Яхшибоев ва бошқалар ҳақида гапирди
"Навбаҳор" жамоасининг янги аъзоси - тожикистонлик ярим ҳимоячи Эҳсони Панчшанбе 6 сентябрь куни “лочинлар” сафида илк машғулотини ўтказди. Машғулот якунлангач, футболчи клуб матбуот хизматига қисқача интервью берди.
- "Навбаҳор”га сизни ким таклиф қилди?
- Клуб раҳбарияти мени “Навбаҳор”да кўриш ниятида “Истиқлол” жамоаси ва агентим билан музокаралар олиб борди ҳамда якунда барчаси ижобий тарзда якунланиб, наманганликлар таркибига қўшилдим. Клуб билан 2,5 йиллик шартнома имзоладим.
Мени жамоада жуда илиқ тарзда кутиб олишди. Бунинг учун “Навбаҳор” клуби раҳбарияти ва жамоа мураббийлар штаби ҳамда янги жамоадошларимга ўз миннатдорлигимни билдираман.
"Навбаҳор" янги легионер билан қанча муддатга шартнома имзолади?
- Юртимизга келгунингизча, Ўзбекистон футболи ва “Навбаҳор” жамоаси ҳақида маълумотга эгамидингиз?
- Албатта. Ўзбекистон чемпионатини анча кучли, деб ҳисоблайман. Ўзбек футболчиларидан айни пайтда мураббийлик қилаётган Миржалол Қосимовни жуда яхши биламан. Ҳозирги ўзбекистонлик футболчилардан эса, Элдор Шомуродов, Остон Ўрунов ва Жасур Яхшибоевнинг ўйинларини кузатганман.
- Мухлисларга тилакларингиз...
- “Навбаҳор” таркибига қўшилишим аниқ бўлганидан сўнг, кўплаб наманганлик ишқибозлар шахсий телеграмимга хабарлар йўллаб, мени севимли жамоалари сафига қўшилаётганим билан қутлади ҳамда омад ёр бўлишини тилади. Бунинг учун уларга ўз миннатдорлигимни билдираман.
Худо хоҳласа, клуб раҳбарлари ва ишқибозларнинг ишончларини оқлаб, “Навбаҳор”нинг ғалабаларига муносиб ҳиссамни қўшиш ниятидаман. Фақатгина мухлислар жамоамизни доимо қўллаб-қувватлаб турса бўлгани. Барча наманганлик мухлисларга сиҳат – саломатлик, оилавий бахт тилайман.
Фикрлар