"Нефтчи" 3 нафар футболчи билан шартномани узайтирди
Суперлиганинг ўтган мавсумида чемпионликни қўлга киритган "Нефтчи" ўз таркибидаги футболчиларни сақлаб қолишни мақсад қилган. Клуб бугун 3 нафар ўйинчи билан янги шартнома имзолади. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати маълум қилди.
"Жамоамиз сафида ҳимоячи сифатида тўп суриб, нафақат мудофаа, балки ҳужумларда ҳам фаол иштирок этиб келаётган, ўзининг жанговор руҳи ва фидойилиги билан мухлислар меҳрини қозонган сербиялик тажрибали футболчи Боян Сигер фаолиятини “Нефтчи” сафида давом эттиради. Клуб ва футболчи ўртасидаги шартнома яна икки йилга узайтирилди.
Боян Сигер ўтган мавсумда жамоамиз таркибида 24 та учрашувда майдонга тушиб, жами 2195 дақиқа ҳаракат қилди. Ҳимоячи бўлишига қарамай, у ушбу ўйинларда 3 та гол муаллифига айланишга муваффақ бўлди.
Ишонамизки, Боян янги мавсумларда ҳам ўз меҳнати, тажрибаси ва маҳорати билан жамоамиз олдига қўйилган юксак мақсадлар — чемпионликни ҳимоя қилиш ва халқаро майдонларда муносиб иштирок этиш йўлида катта ҳисса қўшади.
Футболчига янги мавсумда соғлиқ, барқарор ўйин ва жамоамиз билан биргаликда янги ғалабалар тилаймиз!"
"Жамоамиз таркибида бир неча йилдан буён дарвозани ишонч билан қўриқлаб келаётган, тажрибали ва фидойи посбон Акбаржон Тўраев янги мавсумда ҳам фаолиятини жонажон “Нефтчи” сафида давом эттирадиган бўлди. Клуб ва футболчи ўртасидаги шартнома яна бир йилга узайтирилди.
Акбар Тўраев ўзининг тажрибаси ва майдондаги етакчилик фазилатлари жамоанинг чемпионлик даражасига кўтарилишида, шунингдек, клуб нуфузининг футбол оламида янада мустаҳкамланишида муҳим ўрин тутмоқда.
Ишонамизки, Акбар Тўраев янги мавсумда ҳам ўз меҳнати ва маҳорати билан жамоамизга муносиб ҳисса қўшиб, мухлисларни ишончли ўйинлари билан хурсанд этишда давом этади.
Футболчимизга янги мавсумда соғлиқ, барқарорлик ва жамоамиз билан биргаликда янги зафарлар тилаймиз", -- дейилади фарғоналиклар хабарида
Шунингдек, клуб Фарруҳ Сайфиев билан ҳам битимни 2026 йилнинг 31 декабрига қадар узайтирди.



Фикрлар