"Нефтчи" легионер футболчи билан 10 кун олдин тузилган шартномани бекор қилди

"Ҳоким кубоги-2021" якунланганидан сўнг, турнирда иштирок этган "Нефтчи" клуби футболчиларига қисқа муддатли таътил тақдим этилган. Янги футбол мавсумига тайёргарликнинг навбатдаги босқичи яна Тошкент шаҳрига кўчирилади. Жамоа аъзолари 8 февраль санасидан бошлаб ўқув-йиғин машғулотларига киришадилар. Пойтахтдаги йиғин давомида футболчиларнинг жисмоний имкониятларини ошириш билан биргаликда жамоа таркибини шакллантириш борасида ҳам ишлар олиб борилади. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар тарқатди.

Хабарингиз бор,"Ҳоким кубоги-2021" мусобақаси давомида жамоага бир қатор легионер футболчилар таклиф этилган бўлиб, мураббийлар штаби уларни турнир орқали кўрикдан ўтказишга ҳаракат қилдилар. Жумладан, сербиялик Дарко Станоевич (каттаси)ва Дарко Станоевич (кичиги) мураббийлар штабида илиқ таассурот уйғотган ва улар кейинги тайёргарлик жараёнида иштирок этади.

Яна бир сербиялик ҳужумчи Неманья Обрадовичнинг ҳаракатлари эса, мураббийларга маъқул келмаганлиги боис, ҳар иккала томоннинг розилиги орқали у билан илгари тузилган шартнома бекор қилинди ва легионер ўз юртига жўнаб кетди. Қизиғи, 10 кун олдин клуб матбуот хизмати ушбу футболчи билан расман шартнома имзоланганлигини эълон қилган эди.

Маълумот учун, жамоанинг Тошкентдаги тайёргарлик босқичи давомида мураббийлар штаби 4 та назорат учрашуви ўтказишни режалаштирилган. Бу ҳақида кейинроқ хабар бериб ўтамиз.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Ramzis ll
05/02/2021 14:22
Ilxomboyni shartlariga ko'nmagandurda