"Нефтчи" икки футболчи трансферини эълон қилди
"Нефтчи" ўз таркибига Рустамбек Фомин ва Фарҳод Соҳибжоновни қўшиб олди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати маълум қилди.
"Футбол клубимиз таркиби яна бир иқтидорли ва меҳнаткаш футболчи билан тўлдирилди. Андижонлик ярим ҳимоячи Фарҳод Соҳибжонов билан келишувга эришилди ва у расмий равишда жамоамиз шарафини ҳимоя қилади.
2001 йил Андижон шаҳрида туғилган Фарҳод Соҳибжонов профессионал фаолиятини "Андижон" футбол клубида бошлаган. У марказий ярим ҳимоячи сифатида майдон марказида ва қанот ярим ҳимоясидаги ишончли ҳаракати, ўйинни ўқий билиши ва жанговар характери билан ажралиб туради.
Ишонамизки, Фарҳод Соҳибжонов жамоамиздаги рақобатни янада кучайтириб, олдимизга қўйилган юксак мақсадларга эришишда муҳим роль ўйнайди.
Футболчига клубимиз сафидаги фаолиятида омад, мустаҳкам соғлиқ ва ёрқин ғалабалар тилаймиз. Хуш келибсан, Фарҳод!",
Футбол клубимиз таркиби ёш ва истиқболли футболчи — Рустамбек Фомин билан тўлдирилди.
2005 йил 9 июл куни Тошкент шаҳрида таваллуд топган Рустамбек Фомин ярим ҳимоя чизиғида ҳаракат қилувчи, техникаси ва майдонни кўра билиши билан ажралиб турадиган футболчи ҳисобланади. У фаолияти давомида марказий ва ҳужумкор ярим ҳимоячи сифатида самарали ўйин намойиш этиб келмоқда.
Рустамбек профессионал футболчилик фаолиятини "Олимпик МобиUz" клубида бошлаган бўлиб, Ўзбекистон Про лига учрашувларида мунтазам равишда майдонга тушиб келган. Ёш бўлишига қарамай, у жамоа ўйинини бошқариш, тезкор қарор қабул қилиш ва ҳужумларни ривожлантиришда ўзини кўрсатишга улгурган.
Шунингдек, Рустамбек Фомин Ўзбекистон ёшлар терма жамоалари сафида ҳам иштирок этиб, халқаро учрашувларда мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилиб келмоқда. Айни пайтда футболчи Ўзбекистон U-23 терма жамоаси билан Саудия Арабистонида бўлиб ўтадиган Осиё Кубогига тайёргарлик кўрмоқда.
Клубимиз Рустамбек Фомин билан биргаликда янги марраларни кўзламоқда. Ишонамизки, у жамоамиз таркибида янада ўсиб, ўзининг бор салоҳиятини намоён эта олади. Рустамбек, жамоамизга хуш келибсан!", — дейилади фарғоналикларнинг хабарида.



Фикрлар