Нега Ашурматовга имкон берилмади?
Ads
Ўтган ҳафта охирларида миллий футболимизда шов-шувли хабар тарқалди. Жорий йилда АГМК жамоасини Ўзбекистон кубогида ғолиблик сари етаклаб келган мутахассис Бахтиёр Ашурматовнинг ўрнини шу кунга қадар “Бунёдкор”ни бошқариб келган Миржалол Қосимов эгаллади.
 
Хуш, бунинг нимаси ёмон, дейишингиз мумкин.
 
Бир қарашда бунинг ёмон жиҳати йўқ, шунчаки тажрибаси ҳийла кам мураббийнинг ўрнига ундан тажрибалироқ бўлган мутахассис тайинланди. Қолаверса, бу ҳолатни АГМК келгуси йил старт оладиган Осиё Чемпионлар лигасида ўз олдига жиддий мақсадларни қўяётгани билан ҳам изоҳлаш мумкин. Аммо масаланинг бошқа жиҳати ҳам борки, унга тўхталмасдан ўтолмаймиз.
 
Гап шундаки, Бахтиёр Ашурматов ёш, изланувчан мураббий. 42 ёшли мутахассис футболчилик фаолиятини тугатгач, қисқа муддат ичида “Гулистон”, “Бунёдкор” (ёрдамчи мураббий), “Навбаҳор”, “Андижон”, “Бухоро” (техник директор) ҳамда АГМК клубларида ишлади. Таъбир жоиз бўлса айтиш керак, Бахтиёр Аъзамович қаерда фаолият олиб бормасин, ўзидан яхши ном қолдиришга интилди. Бирда бунга эришди, баъзида эса...
 
Тўғри, якунига етган мавсумда АГМК мамлакат кубогида ғалаба қозонгани билан Суперлиганинг иккинчи босқичида анча бўш ўйнади. Эҳтимол мана шу омил Ашурматов истеъфосига сабабчи бўлгандир. Ахир миллий чемпионатимизда рақобатбардош жамоани шакллантира олмаган мутахассис билан ОЧЛда юксак марраларни кўзлаш мумкинми?
 
Лекин шуни ҳам унутмаслик керак, Бахтиёр Аъзамович АГМКни мавсум бошида эмас, балки ўртасида қабул қилиб олди. Унга Кумиковдан абгор аҳволдаги жамоа қолган, таркибни кучайтиришнинг эса имкони деярли йўқ эди. Чунки бу пайтда яхши савиядаги футболчиларнинг барчаси у ёки бу жамоага боғланганди. Шунга қарамай Б.Ашурматов қисқа муддат ичида жамоадаги вазиятни ўнглашга эришди, асосий эътибор Ўзбекистон кубогига қаратилди ва Олмалиқ жамоаси бу мусобақада ўз меъёри билан ўлчаганда мисли кўрилмаган қаҳрамонлик кўрсатди. Ярим финалда “Бунёдкор”, финалда эса “Пахтакор” мағлуб этилди.
 
Бироқ, энди бундан не фойда: бўлар иш бўлди, ҳукм аллақачон ўқилди. Фақат мени ўйлантираётгани, нега бизда ёш кадрларга имкон берилмайди? АГМК клуби раҳбарияти бугун Қосимовга ваъда қилинаётган шароит ва имкониятларни Ашурматовга ҳам яратиб берганида, эҳтимол биз ажойиб бир мураббийни кашф қилган бўлармидик?!
 
Нима ҳам дердик, бу ҳам ўзбек футболининг ўзига хос “тараққиёт модели”да, яъни эксперимент қилишга ботинолмасдан, синовдан ўтган тизимни қайта-қайта ишлатавериш. Фақат бу тизимни яхши ўзлаштириб олган рақибларимиз бизни ҳар бобда енгиб кетмоқда, биз эса унга қарши чора қўллашда яна эскирган услубларни қўллашда давом этмоқдамиз. Хўш, бу усул билан ўзбек футболи тараққий этиши мумкинми? Хулоса эса сиздан.
 
ЎзА

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
hakimov jonibek
25/12/2018 11:24
Mirjalol akaga qiyin buladi, baribir klubni texnik bazasini kuchaytirmasdan bir ish qilib bulmaydi. Tugri Mirjalol aka futbolchalardan 100% kuch bilan ishlashni tralab qiladi lekin bir narsa chiqishi qiyin . Manimcha Klub uz kamchiliklarini yopish uchun Akani chaqirtirgan,uxshab qosa zur, uxshamasi Mirjalol akani aybi.Uni ham bushatishadi.
Klubdagilani kallasiga qoyil
&
darwesh
25/12/2018 10:49
Балки Ашурматовнинг кубокдаги галабаси - бу Кумиковнинг ишларининг меваси