
Немис футболчиси қўшниларимиз терма жамоасида ўйнамоқчи
Германия футболи тарбияланувчиси Филипп Охс халқаро миқёсдаги фаолиятини Қозоғистон миллий терма жамоасида давом эттиришга тайёр эканини билдирди.
Айни пайтда Австрия чемпионатида “Фёрст” жамоаси шарафини ҳимоя қилаётган 27 ёшли футболчи немис футболининг энг ёрқин истеъдодларидан бўлган. У ўз юртида “Хоффенхайм”, “Ганновер” ҳамда “Бохум”да ўйнаган.
2011-2018 йилгача Германиянинг 15 ёшдан 21 ёшгача бўлган барча терма жамоаларида тўп тепган. Бироқ иқтидорли ярим ҳимоячи миллий терма жамоа ўйинчиси даражасига кўтарила олмаган.
Филипп Охс энди бу даражага Қозоғистон терма жамоасида эришмоқчи. Чункининг унинг ота-онаси айнан шу юртдан Германияга бориб қолган.
- Агар менга боғланишса, Қозоғистон терма жамоасида ўйнашга тайёрман. Чунки бу ота-онамнинг ватани ва сен ана шундай юрт байроғини ҳимоя қилишинг катта шараф. Ота-онам ҳам бундан беҳад қувонган бўларди.
Мен Қозоғистон терма жамоасининг барча ўйинларини томоша қиламан, миллий чемпионатини ҳам кузатиб бораман. Тўғрисини айтсам, бу масала мени қизиқтиради. Агар терма жамоа раҳбарияти мен билан боғланиб, имконият берадиган бўлса, ўйнашга тайёрман, - деди Филипп Охс.
Фикрлар