Неймар Роналдуни ортда қолдирди. Яққол етакчи — Месси
Кеча, якшанба куни ПСЖ “Нант” устидан 4:0 ҳисобида ғалаба қозониб, Франция Суперкубогини қўлга киритди. Ушбу учрашувда Неймар дубл муаллифига айланди. “Globo” нашри хабарига кўра, бразилиялик форвард бу натижа орқали финал учрашувларида гол уриш борасида Криштиану Роналдуни ортда қолдирган.
Ҳозиргача Неймар 35 та финалда иштирок этган ва 21 голни ўз ҳисобига ёздириб қўйган. Криштиану Роналду ҳам 35 та финал учрашувида қатнашган, бироқ португалиялик ҳужумчи 20 бор рақиблар дарвозасини ишғол қилган.
Бу борада яққол етакчи Лионел Месси ҳисобланади. Аргентиналик 46 марта финал учрашувларида қатнашган бўлиб, 32 бор рақиб дарвозабонини хафа қилишни уддалаган.
Маълумот ўрнида, 6 август, шанба куни ПСЖ Франция чемпионати 1-тури доирасидаги “Клермон”га қарши майдонга тушади.
Фикрлар