Неймарнинг кейинги жамоаси номи маълум бўлди
“Ал-Ҳилол”нинг бразилиялик юлдузи Неймар Саудия Арабистонидан кетишни режалаштиряпти.
Аввалроқ, ҳужумчи “Барселона”га ўтишни истаётгани ва саудияликлардан ўзини Каталония клубига ижарага беришни сўрагани ҳақида маълумотлар тарқатилган эди.
Бироқ UOL нашри 31 ёшли форвард бошқача қарорга келганини ёзмоқда. Манбага кўра, Неймар 2025 йили “Сантос”га қайтмоқчи. Бу орқали у 2026 йили Америка қитъасида бўладиган жаҳон чемпионатига пухта тайёргарлик кўрмоқчи.
Маълумотларга қараганда, “Сантос” хўжайини Неймарнинг ота-онаси билан дўстона муносабатга эга ва улар ёрдамида футболчининг жамоага ўтишини ҳал қила олишига ишоняпти.
Айни пайтда Неймарнинг ўзи Бразилия терма жамоаси сафида олган жароҳатини даволатиш билан банд. Узоқ вақтдан бери даволанаётган футболчи “Ал-Ҳилол”га ёрдам бера олаётгани йўқ.
Саудия Арабистонига кўчиб ўтганидан бери Неймар атиги бешта учрашувда қатнашиб, битта гол ва учта ассист қайд этган.
Фикрлар