Нўъмон Ҳасанов: 5-6 ойда ўргатадиган нарсани бир ойда ўргатдим

Ўзбекистон кубогининг 1/8 финалидан ўрин олган “Оқ-тепа” – “Навбаҳор”(0:2) учрашувидан сўнг "лочинлар" устози Нўъмон Ҳасанов ўз фикрларини билдириб ўтди.

- Бугунги ғалаба билан Намангандан ташриф буюриб, бевосита стадионда жамоамизни қўллаб - қувватлаб турган, шунингдек, "Навбаҳор"нинг барча мухлисларини табриклайман.”Оқ – тепа” жамоаси футболчилари чўчимасдан, бир-бирларига аниқ пас ошириб, ўйнайди. Биз ҳам шундай футбол ўйнашни ёқтирамиз. Ўйин ажойиб тарзда кечди. “Оқ-тепа” жамоаси ҳам бизга муносиб қаршилик кўрсатишга интилди. Бунинг учун рақиб жамоага ўз миннатдорлигимни билдираман.

Йигитларга раҳмат айтаман. Рақибдан устун келдик. Кўп вазиятлардан фойдалана олмадик. Шу бизнинг камчилигимиз бўлиб қолмоқда. “Оқ-тепа”га ҳам ташкилотчилик ва ажойиб майдон танлашгани учун миннатдорлик билдираман. Кейинги ишларига муваффақиятлар тилайман.

Жамоамизнинг ўйинларини кузатаётган бўлсангиз, кўплаб учрашувларда шундай вазиятлардан фойдалана олмаяпмиз. Ҳамма нарсани биттада ўргата олмайман. Улар ҳам футболчи, мен ҳам инсонман. Жамоа кўряпсизлар, чиройли ўйнамоқда, прессинглар қилмоқда. Яна ўргатадиган нарсаларим бор. Секин - аста мен истаган ўйин юзага келади. Аслида 5-6 ойда ўргатадиган нарсани бир ойда ўргатдим. Футболчиларнинг ақли ҳам бор, техникаси кучли. Шу боис, кўрсатмаларни тезда ўзлаштиришмоқда.

Азимжон Аҳмедовни жамоага келганимдан бери марказий ҳимояда ўйнатмоқдаман. Биринчи бор 2013 йил жамоага келганимда ҳам ўшанда Азимжонни марказий ҳимоядаги ўйинини кўргандим, жамоани Суперлигада олиб қолгандик. Ҳозирги вақтда жамоа бошқарувимга ўтганимдан сўнг биринчи ўйинданоқ уни мудофаа чизиғига ўтказдим.

Бу кубок мусобақаси. “Оқ-тепа”нинг “Хоразм” ва “Турон” жамоаларига қарши кечган ўйинларини кўриб, ўрганиб чиқдик. Жамоа яхши ўйин ўтказмоқда. Биз бугун прессинг қўллаб, рақибга имконият бермадик.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!