Норқул Даминов: Клубларимизнинг мақсадли дастурсиз ҳаракат қилиб келганликлари ачинарлидир
Ҳар қандай юмушни ўрнида амалга ошириш бевосита инсоннинг ўзига боғлиқ. Қашқадарёга ташриф буюрган чоғларимизда вилоят футболи раҳбарининг иши бошидан ошиб тошганлигини жуда яхши билардик. Қўшимчасига, республика миқёсидаги болалар ўртасидаги қайсидир мусобақага йўл олишлари керак экан, уларнинг ҳужжатларини тайёрлаш югур-югури билан оворалигини сездик. Шундай бўлса-да, имкон топиб бизнинг мушкулларимиз енгил кечишида ёрдамини аямади. Деярли ҳар соатда телефон қилиб, қандайдир муаммо бор-йўқлиги ҳақида суриштириб турди ёки ўша жойга ўзи келиб кетди. Айрим «акалар»га ўхшаб телефонини кўтармай қўйганида нима қилардик, билмадик. Муборакка ўтганимизда кечки маҳалда етиб келди ва вилоят футбол ассоциациясининг биринчи вице-президенти билан суҳбатлашиш учун имкон топилди.
- Вилоят футболида узоқ вақтлардан буён меҳнат қилиб келаётган инсонлардан бирисиз. Тан олайлик, икки йил давомида Қашқадарё футболида бироз турғунлик кўзга ташланди. Ҳозирда жараён ортда қолганлигини таъкидлаш ўринли. Профессионал клубларнинг мана шу давр мобайнида амалга оширган ишларни холисона таҳлил қилиб ўтсангиз.
- Йиллар давомида катта миқдордаги пулларнинг клублар эҳтиёжи учун сарфланганлиги, бир кун келиб акс таъсирини кўрсатиши мумкинлигидан хавотирларимни яширмаганман. Кутганларимиз амалда рўй берди. 1996 йили Вазирлар Маҳкамасининг футболни ривожлантиришга доир чиқарган қарорида, футбол клубларининг ўз-ўзини маблағ билан таъминлашни босқичма-бочқич йўлга қўйиб бориш масаласи кўзда тутилганди. Шунда ҳам барисига беписанд қаралишда давом этди. Ўз вақтида «Насаф» клубига раҳбарлик қилганман ва йиллик сарф-ҳаражат миқдоримиз 1 миллиард 200 миллион сўмни ташкил этарди. Шунинг ярмини ўзимиз ишлаб топардик. Замон талабидан келиб чиққан ҳолда фаолият юритишимиз ўша кунларнинг ўзига хос чақириғи эди. Бошга тушганни кўз кўради деганларидек, ҳозирги шароитда заруратдан келиб чиқиб клублар ҳаракатга тушиб қолишди. Молиявий томонлардан турли изланишларни амалга оширишларига тўғри келмоқда. Кечагидек ҳисоб-рақамингга ҳеч ким катта миқдордаги пулларни тушириб бермаслигини англаб етишди. Яхши, иқтидорли ўйинчиларни тайёрлаб етказиб, кейинчалик пуллаш оқибатида юзага келадиган даромадга кўз тика бошлашнинг фойдаларини билишди. Узоқни кўра билиш, бугунги кун раҳбарининг асосий йўналиши ҳисобланади.
- Хонада ўтираверсак, белгиланган пуллар ҳисоб-рақамимизга «томиш»да давом этади, деган хом-хаёллар аросатда қолишди. Ҳамон эскича мулоҳаза юритишда давом этаётган клуб раҳбарлари «уйғонмаган» кўринишади.
- Худди шундай. Бу профессионал клубларда мақсадли дастурларнинг бўлмаганлиги, эртанги кун ҳақида жиддий қайғурилмаганлигидан далолат беради. Режага асосланмасдан қандай фаолият юритиш мумкин, тушунишим қийин. Японияликларни мисол тариқасида ўзимизга ибрат қилиб олишимиз керак. 2050 йилгача футболни ривожлантириш борасида дастур ишлаб чиқилган ва мана шу даврлар мобайнида қандай ишлар амалга оширилиши аниқ белгилаб қўйилган. Қандайдир 3-4 йил инобатга олинмаяпти. Молиялаштириш соҳасида бироз узилишлар рўй берганда, Ўзбекистон клублари бундай шароитга деярли тайёр эмасликлари ойдинлашди. Аксарияти карахт аҳволга тушиб қолишиб, ёрдам сўрашдан нарига ўта олишмади.
- Шу жумладан Қашқадарё клублари ҳам, тўғрими?
- Мен вилоятимиз футболи миқёсида фикр юритмоқдаман. Биргина «Машъал» клубини олайлик.ЎФА томонидан қўйилган жиддий талабларга бироз бепарвороқ бўлганликлари оқибатида жабр кўришди. Суперлигадаги ўринларидан маҳрум қилинишди. Кейинчалик вазиятни тўғри тушуниб, вилоят раҳбари Зафар Шаропович Рўзиевнинг қўйган талабларидан келиб чиқиб, ҳолатни ўнглаш учун астойдил ишга киришдилар. Умуман кўп йиллик дастурга эга бўлган ҳолда фаолият юритиш борасидаги ташаббус ҳам бевосита вилоят раҳбарига тегишлидир. Танқиддан тўғри хулоса чиқаришиб, эндиликда академияни тўлиқ таъмирдан чиқардилар. Шароитларни ҳар жабҳада яхшилаш учун сармоя киритишмоқда. «Насаф»да ҳам мазкур йўналишда бир қатор эътиборга молик ишлар амалга оширилди. Хусусан, базани қайта таъмирдан чиқаришди. «Спутник»даги ёшлар жамоаси учун мўлжалланган манзил ҳам талаб даражасига келтирилди. Сифатли чим тайёрлашиб, «Навбаҳор» клубига сотилгани ҳам молиявий жиҳатдан муваффақиятли қадам сифатида баҳоланди. Тушган маблағни жамоанинг эҳтиёжи учун сарфлашди. Бугунги кун талабини тўғри англашиб, маблағлардан иқтисод қилган ҳолда фойдаланишиб, тўғри фаолият бош мезонга айланди. Қашқадарё вилояти футбол ассоциацияси ва клубларимиз ўртасида илиқ алоқалар ўрнатилганлигини кўпчилик эътироф этиб келишади. Тез-тез тўпланиб, олдимизда турган долзарб масалаларни кўриб чиқамиз. Муҳокама жараёнида, мунозара, муаммоли масалаларда ўзига хос тортишувлар юзага келади. Ҳар бир тараф ўз нуқтаи назарини изҳор этиб, фикрларда қатъий туришади. Кимдир боғдан, кимдир тоғдан келса-да, якунда бир нуқтага борамиз. Барчани қониқтирувчи мақбул вариантга тўхталиб, ишни давом эттираверамиз. Шунингдек, аввалги суҳбатларимизда таъкидлаб ўтганимиздек, турли соҳалар ўртасидаги лига мусобақалари фаолият юритишда давом эттираётганликлари ҳам даражамизни белгилаб бермоқда. Ўзига яраша яратилган тизим ишламоқда.
- Маҳаллий иқтидорли ёшларни саралаб олиш борасидаги ўзига хос режангиз билан танишгандик. Мана шу қандай фойда бермоқда?
- Ёдингизда бор экан, яшанг. Вилоят раҳбарининг таклифига асосан иқтидорларга эътибор юқори даражага чиқарилган. Бизнинг ишлаб чиққан дастур иккала клубнинг истеъдодли футболчиларни бугунги кунда жалб қилиш сиёсатларига ниҳоятда мос тушмоқда. Ҳар бир мусобақа жараёнида селекцияга жиддий эътибор қаратиб келишмоқда. Чекка ҳудудларимизда жуда кўплаб кашф қилинмаган болалар топилишини ёддан чиқармаймиз. Мана шундай овуллардан муносибларини саралаб бориш клублар учун иқтисодий жиҳатдан фойдали эканлигини тушуниб етишмоқда.
- Дарҳақиқат, Қашқадарё клублари бугунга келиб тўғри йўлга тушиб боришмоқда. Биргина «Шўртан»ни инобатга олмаганда, қолган иккисида маҳаллий мураббийлар фаолият юритишмоқда. Таркибларнинг 80 фоизини вилоятдан етишиб чиққан иқтидор эгалари ташкил этишмоқда.
- Футболимизда сезиларли ўзгариш рўй берди ва эндиликда соҳанинг профессионали ҳисобланган Равшан Эрматов раҳбарлик қилмоқда. Миллионлар ўйинидаги ютуқ ва камчиликлардан бевосита хабардор мутахассис саналади. Аниқ мақсадни кўзлаган режамиз ҳам узоқ йилларни ўз ичига олади ва клубларимиз танлаган йўлларидан оғишмай боришларига ишониб қоламиз. Жамоага алоқадор мутасаддилар билан суҳбатлашиб, олдиларида қандай талаблар турганлигини тўғри етказа билишимиз даркор. Биз тавсия этаётган тизимларнинг клублар учун фойдали эканлигини тушунтира олишимиз муҳим. Шу сабабли муносабатлар яхши йўлга қўйилган. Эндиликда клуб раҳбариятида ҳам маҳаллий мутахассислар фаолият юритишларини таъминлашга ўтишимиз, бугунги кун талабидир. «Машъал» мутасаддилари бош мураббий масаласида иккиланишаётганда, Асрорни қўйсалар янглишмасликларини айтганман. Албатта, тавсия тарзида. Негаки, унинг обрўси анча баланд. Қашқадарёлик профессионал футболчилар ичида биринчи рақамли эканлигини таъкидласам, хато қилмаган бўламан. Алиқулов - миллий терма жамоа сафида ҳам кўплаб учрашувларда майдонга тушиб, ватанимиз шарафини муносиб равишда ҳимоя қилган йигит. Боз устига жуда кўплаб тажрибали мутахассисларнинг қўли остида шуғулланди. Мураббийликда ҳам ўзига яраша салоҳиятга эга эканлиги сезилиб туради. Миллиардлаб пулни кўкка совуриб, четдан мураббий олиб келишимизга ҳожат қолмаганлигини ҳаётнинг ўзи исботлаб турибди. Ўзимизнинг ички имкониятларга таянган ҳолда футбол ўйнасак, янглишмаслигимиз ойдинлашмоқда.
- Маҳаллий мураббий ва футболчиларнинг фойдали тарафларини ҳар қанча тарғиб қилса арзийди...
- Энг асосийси, инсоннинг виждони асосий ўринга чиқади. Орият туфайли майдонда бутун борлиқларини бериб ҳаракат қилишади. Сабаби, маҳаллий футболчи эртага ютқазиб қўйишса, халқнинг кўзига қандай қарашга уялиш масъулияти туради. Четдан келганининг аоссий мақсади ташиб кетиш бўлса, ўзимизникининг топгани шу ҳудудда қолади. Мана Ўзбекистоннинг деярли барча ҳудудларида катта-катта қурилиш ишлари амалга оширилмоқда ва биламизки албатта юртдошларимизнинг манфаатлари учун хизмат қилади. Кимлардир ўз вақтида Қашқадарё футболига иккинчи даражали сифатида қараб келишган. Эндиликда, биз билан ҳисоблашишга мажбур бўлишмоқда. Ўз вақтида устозларнинг ўгитларига амал қилиб кам бўлмадик. Бугунга келиб биз ҳам баъзи ўринларда кимларгадир маслаҳат берсак, мавриди шекилли!
- «Нефтчи» ўз вақтида Ўзбекистоннинг етакчи клублари қаторида юрди. Фақат эртанги кун учун замин яратиш бобида бироз оқсалди. Қашқадарё футболида эса пойдеворнинг мустаҳкам бўлишига эътибор қаратилганлиги, бугунги кунда ўз самарасини бераётганлиги рост.
- Ёдингизда бўлса, «Насаф» 3-4 йил давомида қаторасига мамлакат чемпионатининг бронза медалларига эга чиқди. Кейинчалик маълум фурсат тўхталиш юз берди. Вилоят ҳокими бу борада барчани жамлаб, мушоҳадага чорлади ва қишлоқлардан тўпни тепса ёриб юборадиган даражадаги бақувват болаларни излаб топишимиз борасида тавсиялар берди. Болаларни тайёрлаш томонидан ишлаб чиқарилган режалар керак эди. Ҳар бир қурилаётган иморат пойдеворсиз мустаҳкам бўлмайди. Илк бор Қашқадарё клублари ичида 1995 йили «Машъал» олий лигага чиқишга эришган бўлса, таркибга маҳаллий ўйинчиларни топиш юзасидан катта қийинчиликларга дуч келганлигимизни яхши эслайман. Бугунга келиб эса вазият бутунлай ўзгариб кетган. Ўзбекистоннинг турли ёшдаги терма жамоасига номзодлар биздан кўплаб етишиб чиқаётганлиги, фикримизнинг далилидир. Тўғри йўлдан бораётганлигимизга мисолдир.
- Кечаги кун футболчиларни ҳам унутиб қўймаётганинглар таҳсинга сазовордир. Тўп тепишни бас қилган фахрий, эртага ҳам футбол учун керак эканлигини ҳис эта бошлади...
- Маҳаллий иқтидорларни етиштириш борасида режа тузаётиб, қайси соҳани кўпроқ ислоҳ қилишимиз борасида бир қатор вазиятларни таҳлил қилиб чиқдик. Изланишларга асосланган ҳолда футболчилик фаолиятини якунлаётганларга клублардаги аввалги шартномалардаги бандлар сақлаб қолиниб, тизимда қолиб ишлашлари йўлга қўйилди. Хорижга чиқиб, малака ошириб қайтишларини ўйламоқдамиз. Мана шу ҳолат бўйича ҳам пухта дастур ишлаб чиқармоқчимиз. ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Эрматовнинг мазкур масалада амалий ёрдамига таянмоқчимиз. Қабулига бориб, бир қатор масалаларни муҳокама қилиб қайтиш режамда бор. Ҳакамлар учун ҳам муносиб шароит яратиб бериш ҳақида ўйлаяпмиз ва умуман футбол соҳасини кўтариш ҳақида бош қотирар эканмиз, тор доирадаги йўналишлар билан чекланиб қолмаслигимиз керак.
- Қашқадарё футбол ассоциациясининг мақтанишга арзийдиган яна қандай янгиликларни йўлга қўйганликлари ҳақида гапирса арзийди?
- Яқинда имконияти чекланганларни ҳам футболга жалб қилиш масаласи юзасидан бир қатор музокаралар олиб бормоқдамиз. Улар ҳам жамиятимизнинг бир қисми эканликларини унутмаймиз ва тенг ҳуқуқли инсон сифатида турли мусобақаларда қатнашишга ҳақлидирлар. Вилоят кўзи ожизлар ва қулоғи яхши эшитмайдиганлар жамияти билан меморандум имзоланди. Мини-футбол бўйича иккинчи лига мусобақасини ташкил этамиз ва юқорида номлари тилга олинганлар майдонда бир-бирларига қарши кураш олиб боришади. Ҳозирча 8 нафар жамоанинг қатнашиши ойдинлашди. 1 сентябрга қадар мусобақамиз старт олади. Шунингдек, бундан уч йил аввал банклар ўртасида катта мусобақа ташкил этгандик. Соҳа вакиллари жиддий қизиқиш билдиришиб, алоҳида лига ташкил этишди. Ҳозирда унда иштирок этувчилар сони 16 нафарга етди. Хуллас, футболнинг оммавийлигига жиддий эътибор қаратмоқдамиз. Бугун ўнта инсоннинг футбол ўйнашини таъминлай олсак, эртага уларнинг сони элликка етиб бориши керак. Умуман, Қашқадарё футболининг 2018-2022 йилларга мўлжалланган ривожланиш стратегияси вилоят ҳокими томонидан ишлаб чиқилди. Муваффақиятлар билан чекланиб қолмаймиз ва янги-янги ғояларни ҳаётган тадбиқ этишда давом этамиз.
Абдулҳафиз Абдулазиз ўғли суҳбатлашди.
Фикрлар