
Шомуродов “бомба” трансфер бўлади! Европанинг машҳур лигасида Элдорни кутишяпти
2026 йилги жаҳон чемпионатига йўлланма олган Ўзбекистон миллий терма жамоасининг сардори ва энг зўр тўпурари Элдор Шомуродовга харидорлар навбати шакллана бошлади.
Ўтган мавсумни муваффақиятли ўтказиб, “Рома”нинг инқироздан чиқишига ва Европа лигасига йўлланма олишига катта ҳисса қўшган ўзбек легионерининг Римдаги келажаги ҳали тўлиқ ойдинлашмаган.
“Рома”да бош мураббий алмашиб, Элдорнинг қадрдон устозига айланган Клаудио Раньерининг ўрнига Жан Пьеро Гасперинининг келгани табиийки, таркибда жиддий ўзгаришлар амалга ошишига сабаб бўлади.
Италия футболи экспертлари янги бош мураббий ислоҳотларни ҳужум чизиғидан бошлашга қарор қилган ва клуб селекционерлари Гасперини талаби бўйича бир неча форвард трансфери бўйича иш бошлаб юборди.
Бу ўринда, бир неча йилдан буён Европада ном қозонган футболчиларни ўз чемпионатига таклиф қилиб келаётган Туркия клублари ёзги трансферлар вақтида яна бир неча янги ўйинчиларини Суперлигага олиб келишга уриниб кўради. Бу ҳақда Туркиянинг бир неча манбалари, хусусан, gazetearena.com нашри қуйидаги маълумотларни тарқатди.
- Италиянинг энг муҳим жамоаларидан ҳисобланган “Рома” ҳужумчилари орасида ўз ўрнига эга бўлган Элдор Шомуродов 2025-2026 йилги мавсумда мамлакатимиз чемпионатида ўйнаши кутиляпти.
“Галатасарой”, “Фенербаҳче”, “Бешиктош” ва “Трабзонспор” каби жамоалар ҳужум чизиғини кучайтириш мақсадида қатор юлдузларни ниўонга олган бўлса, “Башакшеҳир” ўзбек юлдузини танлади.
Ўзбек футболчиси ҳимоячилар ҳужумчиларга қарши шиддатли ва аёвсмз ўйнайдиган А Сериядек мураккаб лигада ҳам ўз ўйинлари билан ажралиб туради. Энди бу юлдуз бизнинг лигада ҳам ном қозонадиган бўляпти.
Хўш, Элдор Шомуродов ким?
1995 йилнинг 29 июнь куни Ўзбекистонда туғилган Элдор Шомуродов “Машъал” академиясида тарбияланган. Жисмонан бақувват ҳужумчи тез орада мамлакатнинг энг машҳур клубларидан “Бунёдкор”га ўтди.
Айнан мана шу жамоадаги ўйинлари орқали Россия клублари эътиборини тортди ва 2017 йили 300 минг евро эвазига “Ростов”га бориб қўшилди.
“Ростов”да ажойиб ўйинларини намойиш қилган Шомуродовни Италия клублари 2020 йилнинг кузигача кузатиб келди. Бу уч йиллик давр ичида унинг трансфер бозоридаги нархи 750 мингдан 6,5 миллион еврога кўтарилди. 2020 йилнинг октябрида “Женоа” Шомуродовни ўз сафига таклиф қилди ва бу трансфер италияликларга жами 9,5 миллион еврога тушди.
Дебют мавсумдаги ўйини ва кўрсаткичлари ўйинчи фаолиятида янги саҳифаларни очди. 2021 йили “Рома” ҳужумчи трансферини муваффақиятли амалга ошириш учу 19,5 миллион евро тўлади. Римдаги фаолияти даврида ўзбек футболчиси “Специя” ва “Кальяри”да ижарада ўйнаб келди ва якунланган мавсумни тўлиқ “Рома”да ўтказди.
Бу мавсум “Рома” либосида барча турнирларда 37 та учрашув ўтказган форвард баҳсларда 7 та гол ва 5 та ассист қайд этди. Кўпинча тўлиқ ўйнамагани ҳисобига унинг ҳар бир голи ҳар 209 дақиқага тўғри келмоқда.
Элдор Шомуродов – бугунги кунда Ўзбекистон миллий терма жамоасининг энг муҳим ҳужумчиси ҳисобланади. Халқаро миқёсдаги беллашувларда бу футболчи жами 82 маротаба майдонга тушиб, рақиблар дарвозасини 42 марта ишғол қилган.
Бўйи 1 метру 90 сантиметр бўлган бақувват бу йигит марказий ҳужумчи эга бўлиши керак барча фазилатларни ўзида жамлагани билан ҳам эътиборни ўзига тортади. Бу футболчи ҳар икки қанотда ҳам, якка ҳужумчи ролида ҳам, ҳатто икки ҳужумчили тактикада ҳам самарали ўйнай олади.
“Башакшеҳир” ва Элдор Шомуродов ўртасидаги музокаралар давом этмоқда ва ижобий якунланиши кутиляпти, - деб ёзди gazetearena.com нашри.
Comments