"Ўзбекистон Конгодан анча кучли". Португалияда ўйин олдидан хавотир бор
Португалиялик футбол агенти Паулу Барбоза 2026 йилги жаҳон чемпионати доирасида бўлиб ўтадиган Ўзбекистон ва Португалия терма жамоалари ўртасидаги учрашув олдидан ўз фикрлари билан ўртоқлашди, деб хабар бермоқда Sports.kz.
Беллашув бугун, 23 июнь куни, соат 22:00 да Тошкент вақти билан старт олади.
"Португалия сўнгги ўйинни унчалик муваффақиятли ўтказмади. Шу боис шундай ўйиндан кейин хавотир кучаяди: қайси таркиб майдонга тушади, жамоа қай даражада тайёр бўлади, деган саволлар туғилади. Агар термамиз Конго билан ўйиндаги даражада ўйнаса, ўйлайманки, биз учун катта ранжиш бўлади. Чунки менинг фикримча, Ўзбекистон терма жамоаси Конгога қараганда анча кучлироқ ва улардан кўпроқ эҳтиёт бўлиш керак. Улар яқинда мағлуб бўлди, аммо бу натижа ўйин мантиғига тўғри келмайди; майдонда мутлақо бошқа манзара кузатилган, ҳисоб эса чалғитувчи. Шунинг учун Ўзбекистон яхши жамоа, уларни асло камситиш мумкин эмас! Улар таркибида кучли футболчилар ва пухта мураббийлар штаби бор. Бу ўйин ҳам Португалия, ҳам Ўзбекистон учун жуда катта аҳамиятга эга бўлади. Менимча, имкониятлар 50га 50", — дея таъкидлади Барбоза.
"Албатта, Португалия ғалаба қозонишини истайман. Лекин буни аниқ айта олмайман. Сўнгги ўйин терма жамоамиз учун охирги 10 йилдаги энг омадсиз учрашувлардан бири бўлди. Кўп гол урилади, деб кутяпман; ўйин самарали чиқиши керак, чунки ҳар икки жамоа ҳам фақат ғалаба учун майдонга тушади. Қизғин кураш охирги дақиқаларгача сақланиб қолади. Лекин барибир ҳис-туйғуларимга таяниб, ўйин 1:0 ҳисобида Португалия фойдасига якунланади, деб ўйлайман", — деди у.
Жаҳон чемпионати–2026нинг гуруҳ босқичи 11 июндан 27 июнгача давом этади.

Фикрлар