ОЧЛ. "Шерлар" иккинчи даврада "наъра торта оладими?"
Осиё чемпионлар лигасининг гуруҳ босқичи биринчи давраси ўз якунига етди. Славче Войнески шогирдлари ортда қолган 3 ўйиндан сўнг плей-оффга чиқиш имкониятларини сақлаб қолдими? "Пахтакор" ОЧЛда қандай имкониятга эга?
Бугунги ҳолат:
Айни дамда тошкентликларни руҳий ҳолати аъло даражада, деб бўлмайди. Жамоа мухлислар томонидан кескин танқидга учради. Биринчи ўйиндан сўнг марказий ҳимоячилар танқид қилинган бўлса, 3-турда Эдмилсоннинг 3 бор рақиб дарвозасини ишғол қилиши кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. "Шерлар" гуруҳда 3 очко билан 4-поғонада бормоқда. Лекин вазият қўлдан бой берилгани йўқ. Иккинчи даврадаги 2 та ғалаба ҳам плей-офф йўлланмасини қўлга киритиш учун кифоя бўлиши мумкин. Жамоаларнинг даражаси бир-бирига яқин. Шу боис, 6 очкодан жамғарган "Ал-Духаил" ва "Ал-Таъавун" исталган ўйинда очко йўқотиши мумкин. Бошқалардан бир бош баланд бўлган жамоа йўқлиги боис кураш сўнгги турда ҳам давом этиши ҳақиқатга жуда яқин. Таркиб борасида "Пахтакор" гуруҳдаги бошқа клублардан ортда эмас. Йўлга қўйилган ўйин, боғламлар ва комбинацион футболда ҳам вауилларимиз квартетда ҳеч кимдан орқада эмас. Шунчаки, камроқ хато қилиш кифоя. Ҳаммаси, "шерлар"нинг ўз қўлида. Ҳали имконият бой берилгани йўқ.
Ортда қолган 3 та тур нима берди?
Биринчи навбатда, кучли рақиблар фонида ожиз нуқталардаги муаммоларни очиб ташлади. Мавсум аввалида Кримец ва Исмоилов жамоани тарк этганди. Ўзбекистоннинг амалдаги чемпиони марказий ҳимояни кучайтириш уёқда турсин, кетганларни ўрнини тўлдиришни ҳам уддалай олмагани сезилиб қолди. Бу омил Суперлигамиз фонида кўзга ташланмагани ачинарли ҳолат. Айнан шу фактор маҳаллий биринчиликнинг халқаро майдондаги клубларимиз иштирокига қай даражада таъсир кўрсатишига мисол бўла олади. Хўш, Славче Войнески ортда қолган 3 та тур давомида қандай схемаларга мурожаат этди? Қайси аспектлардаги муаммоларни кўрди ва қандай хулосалар чиқарди?
"Сепахон"га қарши ўйиндаги схема:
Эронликлар билан ўйин "Пахтакор" учун жуда яхши бошланди. Войнески шогирдлари танаффусга 1:0 ҳисобидаги ғалаба билан чиқиб кетди. Бир қарашда ҳаммаси зўр кетаётгандек туюлган бир пайтда рақиб бизни марказий ҳимоямиздаги ожиз нуқталарга бирин-кетин зарбалар беришни бошлади. Ларин-Хаджиев тандеми ўша оқшом бирорта эпизодда "шерлар"га ёрдам бера олмади. Жамоавий ўйин, тўп назорати ва бошқа устунликлар урилган голлардан сўнг ўз қийматини йўқотди. Ҳисоб 1:3 кўринишига келгач, "шерлар" ўйинни ташлаб юборишди. Натижада, "Сепахон" ҳозирча ягона бўлиб турган ғалабасига эришди.
"Ал-Таъавун"га қарши ўйиндаги схема:
Славче бу ўйинга яхши тайёргарлик кўргани дарров сезилди. У Шота Арвеладзе давридаги схемани бироз ўзгартириб, қанот футболчиларини ортга сурди. Натижада, "шерлар" тўпни рақибга топшириб тезкор комбинациялар ёрдамида қарши ҳужумларни уюштиришга урғу берди. Бу ўз самарасини бермай қолмади. Захирадан ўйинга қўшилган Икром Алибоевнинг узатмасидан сўнг Ҳожимат Эркинов рақиб дарвозасини ишғол қилди. "Пахтакор" жуда муҳим бўлган 3 очкони қўлга киритиб, курашга қайтди!
"Ал-Духаил"га қарши ўйиндаги схема:
Афсуски, бу ўйин борасида фикр билдириш жуда аламли. Қатар жамоаси сафидаги Эдмилсон барчасини остин-устун қилиб ташлади. "Ал-Духаил" билан баҳсда ҳам "Пахтакор" тактик томонлама рақибдан кучли кўринди. Футболчиларнинг жисмоний ҳолати ҳам аъло даражада эди. Аммо рақиб сафидаги легионер барчасини ҳал қилди. Одатда, тенг кучли жамоалар тўқнашувида ижрочилар катта саҳнага чиқади. Бу сафар "Пахтакор" ўзи сингари жамоавий кучли рақиб билан ўйинда сифатли легионери йўқлиги боис мағлубиятга учради.
Гуруҳдан чиқиш имкониятлари қандай?
"Пахтакор"да имконият бор. "Шерлар" учун ҳали ҳеч нарса бой берилмади. Барчаси қолган уч ўйинда жамоа қандай руҳий ҳолатда бўлишига боғлиқ. Агар мураббий керакли сўзларни топа олса, йигитлар катта иштиёқ билан йўқотилган очколарни ўрнини тўлдириши мумкин. Класс борасида амалдаги Суперлига ғолиблари квартетдаги рақиблардан ортда эмас. Йўлга қўйилган ўйин механизми эса, исталган дақиқада "шерлар"га ўйиндаги устунликни таъминлаши мумкин. Йигитларнинг руҳий ҳолати кўп нарсани ҳал этиб беради. Жанговар руҳдаги "Пахтакор" керак бизга. Акс ҳолда, 6-тур ўйини биз учун расмиятчиликка айланиши мумкин. Шу ўринда яна бир омил "ғалаба калити" бўлиб хизмат қилиши шарт. Бу - Славче Войнескининг мураббийлик маҳорати. Ёдингизда бўлса, мутахассис Алибоев ва Эркиновни захирадан ўйинга қўшиб, "Ал-Таъавун" билан баҳсда бурилиш ясаган эди. ОЧЛда кучли мутахассислар етарлича. Улардан ортда қолмаслик учун ҳар бир учрашувда мураббий янги "фишка" ўйлаб топишга тиришади. 28 апрель санасида Войнески "Ал-Духаил" етакчиси Эдмилсонни қандай бўлса ҳам зарарсизлантириши керак. Йўқса, юқоридаги гап: сўнгги турда "шерлар" таркибидаги ўсмирлар ОЧЛда дебют килиши мумкин бўлади.
Я . У
Фикрлар