Одил Аҳмедов: «Ҳозирги авлод футболчилари масъулиятдан жуда қўрқади»
Ўзбекистон терма жамоаси сардори Одил Аҳмедов SPORTS.uz сайти учун эксклюзив интервью берди. Унда футболчи ўз фаолияти ва ўзбек футболи ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.
- Саудия Арабистонига қарши баҳс кўп нарсани ҳал этади. Абрамов доимо очиқ футбол намойиш этишга ўрганиб қолган. Саудиядаги ўйинда очиқ футбол кўрсатиш муаммо туғдирмайдими?
- Абрамов аввалги Абрамовдан фарқ қилади. У вазиятга мослашишга ўрганди. Меҳмондаги ўйин жуда муҳим. Улар бизни Тошкентда енгган бўлса, биз уларни меҳмонда мағлуб этамиз. Бунинг учун эҳтиёткорлик билан тўп суришга тайёрмиз.
- Сиз мансуб бўлган авлод вакиллари ҳозирги футболчилардан анча фарқ қилади. Ҳозирги йигитларга нима етишмайди, деб ўйлайсиз?
- Биласизми, бизда таваккал қарорлар қабул қилишдан ҳеч ким қўрқмас эди. Руҳий босимни ҳис қилмаганимиз учун, оғир учрашувларда кескин қарорлар қабул қила олар эдик. Ҳозирги авлод футболчилари эса, масъулиятни ўзига олишдан жуда қўрқади. Бу жуда ёмон ҳолат. Улар хато қилишдан жуда қўрқади. Даражаси бизникидан пастроқ жамоаларга қарши ўйинларда улар бемалол тўп суради, аммо Япония, Жанубий Корея сингари грандларга қарши ўйинларда улар сўнгги қарорни ўз зиммасига олишни истамайди. Улар эртага гап-сўз бўлиб кетишдан, халқнинг нафратига учрашдан қўрқиб қолишган.
- Бир пайтлар Акмал Шорахмедов тушиб қолган вазиятга ўхшабми?
Худди шундай. Акмал руҳан жуда кучли йигит. Шу боис, бу воқеани енгиб, яна футболда қолди. Ундан бошқаси бўлганида, депрессиядан чиқиб кетиши амримаҳол эди. Бу футбол. Унда ҳамма нарса бўлиши мумкин, бироқ бу майдонда масъулиятдан қочиш керак, дегани эмас. Ҳар бир ўйинда рақиб ким эканлигига эътибор қаратмасдан, ўз ўйинини намойиш этиш лозим.
Интервьюнинг тўлиқ версиясини SPORTS.uz You Tube каналида томоша қилишингиз мумкин.
Фикрлар