Одил Аҳмедов: У жамоани қутқаради!
Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори Одил Аҳмедов собиқ клуби “Краснодар”га беларуслик мутахассис Виктор Гончаренконинг бош мураббий этиб тайинланганига муносабат билдирди.
- Гончаренко “Краснодар”да вазиятни ўнглай олади. У “Краснодар”га ёрдам бериш учун борини беришга тайёр тажрибали мураббийдир. Бу клубда унинг ишини кузатиш анча қизиқарли бўлади, - деди Одил Аҳмедов.
Гончаренко “Краснодар” билан 2023 йилнинг ёзигача шартнома имзолади. Бу мутахассис аввал БАТЭ, “Кубань”, “Уфа” ва ЦСКАни бошқарган. Москвалик армиячиларни 2016 йилда қабул қилиб олган Гончаренко жорий йилнинг март ойида истеъфога чиқарилган эди.
Одил Аҳмедов “Краснодар” сафида 2014-2016 йилларда фаолият олиб борган. Ҳамюртимиз краснодарликлар таркибида 67 та учрашув ўтказиб, бешта гол урган. Жамоаси билан Россия премьер-лигасининг бронза медалини қўлга киритган.
Ўзбекистонлик легионер “Краснодар”нинг энг қимматга сотилган трансферлари рўйхатида тўртинчи ўринда туради. 2017 йили Хитойнинг “Шанхай СИПГ” жамоаси Одил Аҳмедов учун краснодарликларга 7 миллион евро тўлаган.
Фикрлар