Одил Аҳмедов яна Россия чемпионатига қайтмоқчи эканлигига шаъма қилди
Фаолиятини Хитойнинг “Шанхай СИПГ” клубида давом эттираётган ҳамюртимиз Одил Аҳмедов Россиянинг Известия нашрига берган интервьюсида яна Россия чемпионатига қайтиш истаги борлигини билдирди.
“Мени Хитойда ажойиб кутиб олишди. Жамоа раҳбарияти эса мен ўзимни бу ерда қулай ҳис қилишим учун барча шароитларни яратиб берди. Шунга қарамай барибир менталитетда ва тилда катта катта фарқ бор. Лекин айтишим мумкинки ҳозир мен ўзимни бу ерда жуда қулай ҳис қила бошладим.
Албатта, Россияни соғинаман. Чунки у ерда мен 6 мавсум тўп сурдим. У пайтлар менинг футболчилик фаолиятимдаги энг ёрқин дамлар сифатида бир умр хотирамда қолади. Рус клублари менинг еврокубокларда ўйнаш орзуимни ушалишига ёрдам беришди. Қолаверса, россиялик ишқибозлар доим менинг ёнимда бўлишган ва мени қўллаб-қувватлашган. Бу бебаҳо хотиралар.
Ҳозир ҳам Россия премьер-лигаси клубларидан таклифларни кўриб чиқишга тайёрман. Мен Россия чемпионатини юқори баҳолайман”, - дейди Аҳмедов.
Эслатиб ўтамиз, ҳамюртимиз Россияда "Анжи" ва "Карснодар" клублари шарафини ҳимоя қилган.
Фикрлар