ОФКнинг "Лигаларни ривожлантириш дастури" асосида Олий Лига вакиллари билан семинар бўлиб ўтди

 

Ўзбекистон Футбол Федерацияси анжуманлар залида Осиё Футбол Конфедерацияси миллий футбол ассоцияцияларини ривожлантириш бўйича офицери Йогеш Десаи ҳамда Олий Лига футбол клублари раҳбарлари иштирокида учрашув бўлиб ўтди.

Мазкур тадбир давомида ОФК вакили йиғилиш иштирокчиларини ОФКнинг миллий футбол ассоцияцияларини ривожлантиришга қаратилган дастури билан таништирди.

Таъкидлаш лозим, аввалроқ Ўзбекистон Футбол Федерацияси "Футбол лигасини ривожлантириш дастурига" кириш учун заявка топширган ва Осиё Футбол Конфедерацияси ушбу заявкани маъқуллаган ҳолда, Ўзбекистон Футбол Федерациясини ушбу дастурга кирувчи 35та Футбол Ассоцияциялари рўйхатига киритган эди. Мазкур дастурга Жанубий Корея, Австралия, Саудия Арабистони, Эрон, Қатар каби давлатлар миллий ассоцияциялари ҳам киради. Маълумот учун, "Лига ривожлантириш дастури" - ОФКнинг миллий ассоцияциялар лигаларини ривожлантиришга қаратилган лойиҳаси ҳисобланади. Ушбу лойиҳа "Лига ҳамда клублар менежменти", "Учрашувларни ташкил қилиш ва ўтказиш", "Лига маркетинги" ҳамда "Лига инфратузилмаси" каби саволларни қамраб олган.

Таъкидлаш лозим, айни дамда ОФКнинг юқорида таъкидланган лойиҳа дастури асосида Ўзбекистон Профессионал Футбол Лигаси Ўзбекистон Чемпионати учрашувларини онлайн тарзда трансляция қилиш ҳамда Олий Лига футболчиларини электрон рўйхатга олиш каби лойиҳалари устида ишламоқда. Шунингдек, Ўзбекистон Профессионал Футбол Лигаси Лига клублари маркетингини ривожлантириш ва яхшилашга қаратилган дастур борасида ҳам ишлаш нияти борлигини таъкидлаган.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!