Оғир атлетика. Лас Вегас жаҳон чемпионатини қабул қилмоқда

8-15 март кунлари Лас-Вегас (Невада штати) ўсмирлар ва қизлар ўртасида жаҳон чемпионати мезбонига айланиши ҳақида аввал хабар берган эдик. АҚШда 2002 йили ва ундан кейин туғилган атлетлар ўзларининг нималарга қодир эканликларини кўрсатиш учун супачага чиқишмоқда.

8 март куни кечқурун дунёга машҳур «Westgate Las Vegas Resort & Casino»да мусобақанинг тантанали очилиш маросими ўтказилди. Халқаро оғир атлетика федерацияси президенти Тамаш Аян тўпланганларга мурожаат қиларкан атлетларнинг нитажалари муттасил яхшиланиб, рақобат кучайиб бораётганини таъкидлади ва иштирокчиларга омад ёр бўлишини тилади.

Ўсмирлар ва қизлар ўнтадан вазн тоифасида мукофотлар учун баҳслашишлари кўзда тутилган. 44 миллий федерациядан чемпионатда иштирок этиш истаги билдирилган аризалар келиб тушган бўлиб, 183 спортчи стартга ҳозирлик кўрмоқда.

Мезбон жамоа шарафини 20 спортчи ҳимоя қиладиган бўлди. Туркия (16 атлет), Хитой Тайпейи (14), Мексика (13) ва Перу (10) термалари ҳам кўпчилик билан қатнашиши кутилмоқда.

12 мамлакатдан Лас-Вегасдаги супачага бор-йўғи биттадан атлет кўтарилса, яна 10 терма жамоа таркибига фақат иккитадан атлет киритилган. Машҳур Парадайс кўчасидаги чемпионатга турли сабабларга кўра Россия, Украина, Хитой, Корея, қўшниларимиз Тожикистон ва Қирғизистон каби мамлакатлардан спортчилар ташриф буюришмади.

Қизлар ўртасидаги мусобақаларга 30 мамлакат шарафини ҳимоя қилувчи 85 атлет ҳозирлик кўрмоқда. Улар орасида ўтган 2018 йили ўсмирлар ўртасида Осиё, ёшлар ўртасида жаҳон чемпионатлари ғолибаси, Аргентинадаги ўсмирлар олимпия ўйинлари олтин медали эгаси Кумушхон Файзуллаева ҳам бор.

34 мамлакатдан 98 йигит медаллар тақдирига ойдинлик киритиши кутилмоқда. Улардан уч нафари ўзбек оғир атлетика мактаби тарбияланувчиларидир.

- Деярли барча мамлакатлардан Лас-Вегасдаги жаҳон чемпионати медалига даъвогарлик қила оладиганлар турнирда қатнашади. Шунчаки сайёҳ бўлиб бориб келишни бугун ҳеч ким ўзига эп кўрмайди. Шу сабабдан ҳам бир қатор спорт делегациялари белгиланган лимитдан тўлиқ фойдаланишмади. Бизнинг йигит ва қизларимиз чемпионатга муносиб тайёргарлик кўриб келишди. АҚШдаги жаҳон чемпионати улар учун катталар спорти сари навбатдаги дадил қадам бўлади деб ишонамиз, – деди Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси раисининг биринчи ўринбосари, халқаро оғир атлетика федерацияси ижроқўми аъзоси Шаҳрилло Маҳмудов.

Юртдошларимиз орасида биринчи бўлиб баҳсга Оғабек Нафасов киришади. У супачага чиққанида диёримизда 10 март бошланган бўлади.

Мирзаҳаким Тўхтамирзаев,

Лас-Вегас, АҚШ

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!