Оғир атлетика. Оғабек Нафасов биринчи бўлиб жангга киради
Бизникилардан биринчи бўлиб 9 март куни Оғабек Нафасов супачага чиқади.
Маҳаллий вақт билан соат 11:00да (Ўзбекистонда янги кун кириб келган паллада: Тошкент ва Лас-Вегас орасидаги фарқ -13 соат) 55 килограммгача вазн тоифасидаги атлетлар баҳс бошлашади.
Жами 13 спортчи ўз омадини синаб кўради. АҚШ ва Мексика термалари иккитадан вакил билан қатнашади. Оғабекнинг рақиблари орасида мезбонлар ва уларнинг энг яқин қўшниларидан ташқари Туркия, Туркманистон ва Италия жамоаси аъзоларини санаб ўтиш мумкин.
10 март куни 11:00 да қизлар -49 кгвазн тоифасида мусобақага киришади. Совриндорлар сафида Нигора Абдуллаева ҳам бўлади деб умид қиламиз.
11 март куни 12:00да Асадбек Наримонов (-73 кг) медаллар сари юришни бошлайди.
Роса бир суткадан сўнг чемпионликка асосий даъвогаримиз Кумушхон Файзуллаеванинг (-64 кг) навбати етади.
12 март куни 17:00да Нигора Сувонованинг (-71 кг) халқаро спорт аренасидаги дебютига гувоҳ бўламиз.
13 март соат 14:00дан Турсуной Жабборованинг (-81 кг) ҳар бир уриниши ғалаба сари етаклашини кутамиз.
Ўша куни кечқурун Мирҳосил Мирзабоев (-96 кг) супачага кўтарилиб, нималарга қодир эканлигини намойиш этади.
8 март куни деярли барча спортчиларимиз Шаҳрилло Маҳмудов, Жўра Зоиров ва Акобир Усмонов раҳбарлигида астойдил шуғулланишди. Фақат Оғабек Нафасов алоҳида режа асосида эртанги мусобақага тайёргарлик кўрди.
Ватандошларимиз ўзларига билдирилган ишончни оқлашади деган умиддамиз ва уларга омад ёр бўлишини тилаймиз!
Мирзаҳаким Тўхтамирзаев,
Лас-Вегас, АҚШ
Фикрлар