ОКМКнинг "Навбаҳор"га қарши статистикаси қандай?
Ўзбекистон Суперлигаси 15-тури доирасида "Навбаҳор" бугун Олмалиқда ОКМК клубига қарши майдонга тушади.
Мазкур рақиблар шу кунга қадар миллий чемпионатларимизда 33 марта куч синашишган. Ўзаро ўйинларда олмалиқликлар 13 марта, наманганликлар эса 9 марта зафар қучишган. 11 учрашувда эса кучлар тенг келган. Тўплар нисбатидаги кўрсаткич 42:41, ОКМК фойдасига.
Ўзаро ўйинларда олмалиқликлар 50 очкони, “лочинлар” эса 38 очкони қўлга киритишган.
Жамоаларнинг ўзаро учрашувлари тарихига назар ташлайдиган бўлсак, Суперлига (олий лига)даги қарама-қаршиликка 2008 йилда асос солинган. Ўша йили Наманганда ўтказилган дастлабки учрашувда наманганликлар 2:0 ҳисобида зафар қучишганди. Олмалиқдаги жавоб ўйинида эса жамоалар дурангга имзо чекканди – 1:1.
Мазкур клубларнинг Олмалиқда ўтказилган баҳсларига назар ташлайдиган бўлсак, 16 та баҳснинг 9 тасида мезбонлар ғалаба нашидасини суришган бўлса, "Навбаҳор" 4 марта зафар қучган. Учта учрашувда эса томонлар муроса кўчасини танлашган. Тўплар нисбатидаги кўрсаткич 26:21, ОКМК фойдасига.
Эслатиб ўтамиз, ОКМК – “Навбаҳор” учрашуви 12 август куни Олмалиқдаги ОКМК спорт мажмуасида соат 19:00 да старт олади.
"Навбаҳор" матбуот хизмати.
Фикрлар