"Олег Зотеевнинг жавобини кутяпмиз" - "Локомотив"да яна қандай янгиликлар бор? Бош мураббий жавоб берди
Про лигага тушиб кетган “Локомотив” клуби энди Суперлигага қайтиш учун астойдил курашиши турган гап.
“Темирйўлчилар” 2022 йилги хатолардан керакли хулосаларни чиқариб, бу мавсумда Суперлига йўлланмасини қўлга киритиш улар учун асосий вазифага айланган.
Шунинг учун бу клуб дарҳол таркибини кучайтиришга киришиб кетди. Натижада бир қатор легионерлар билан шартномалар тузилди. Бош мураббий Денис Коростиченко “Локомотив”нинг селекция ишлари, тайёргарлик режалари ва яна бошқа масалаларда фикр билдирди.
“Туркия”да бир қатор ўйинлар бўлади”
- 5 январдан тайёргарлигимизни бошлаганмиз, ҳаммаси яхши кетяпти. Албатта, об-ҳаво ноқулай келди. Режамиз бўйича кунига икки маҳалдан шуғулланишимиз кўзда тутилган. Лекин об-ҳаво совуб кетгани учун эндиликда бир маҳалдан машғулот ўтказяпмиз. Тренажёр залида ва яна алоҳида манежда ишлаяпмиз. Тўп билан ҳам футболчилар алоҳида ишлашяпти. 20 январь куни хориж йиғини учун Туркияга жўнаб кетамиз. У ерда 6 та назорат учрашувини ўтказиш режалаштирилган. 4-5 та жамоалар билан ўйинларимиз аниқ. “Краснодар-2” (Россия), “Дукаджи” (Косово), “Бостивар” (Македония), УФА (Россия), “Енисей” (Россия) каби клублар билан майдонга тушамиз. Шунингдек, Россиянинг “Нижний Новгород” клуби билан ҳам гаплашгандик. Бизга ҳали жавоб айтгани йўқ. Туркиядан 10 февралда қайтамиз. Шундан сўнг чемпионат бошланишига 3-4 ҳафта қолади. Қолган ҳар бир ҳафтага биттадан ўйин ташкил этамиз.
“Кўп футболчиларни про лигага боргиси келмайди”
- Легионер ўйинчилар олаётганимиз сабаби ҳозирги пайтда яхши ўйинчилар қолмаган, ўз клубларига эга. Бу йил про лигада ўйнаймиз. Кўп футболчиларни про лигага боргиси келмайди. Суперлигани маъқул кўрадилар. Шунинг эвазига бизга яхши футболчи топиш қийин бўлди. Ҳа, ўйинчи топсак бўларди, аммо унда савияси ўртачаси чиқади. Кимдир жамоасиз қолган ёки клуби жавоб бериб юборган футболчиларни олмасликка қарор қилдик. Биз Суперлигага тайёр жамоа сифатида қайтишни истаяпмиз. Шунинг эвазига кейинги йилга катта трансферлар қилмоқчи эмасмиз. Ўтган йилги таркибимиздан иккита легионер - Самуэль Опех ва Манучехр Сафаров қолган. Бу йил россиялик Иван Соловьёв, македониялик Боян Найденов, тожикистонлик Рустам Соиров, дарвоқе, ўтган йили Соировни олмоқчи эдик, бироқ ўхшамаганди. Шунингдек, биздаги асосий вазифа яхши ҳужумчи топиш эди. Чунки Ўзбекистонда зўр ҳужумчилар жуда кам. Натижада хорватиялик Жужулни таклиф қилдик. Ўйинини кўрдик, гаплашдик. Агенти билан музокара ўтказдик. Машғулотимизга қўшилган. Барчаси натижа кўрсата олади, деб умид қиламан.
“Зотеевни олдида вариантлари кўп”
- Биз яна бир футболчининг жавобини кутяпмиз. Бу – Олег Зотеев. Уни жамоамизда олиб қолишга ҳаракат қиляпмиз. Агар қолса, жуда яхши бўларди. Тажрибали ўйинчи керак. Марат Бикмаев ҳам келган, буни биласиз. У ҳам жамоамизга ёрдам беради. Зотеевни олдида вариантлари кўп. Музокара олиб боряпмиз. Агар бошқа вариантлари билан бир тўхтамга келмаса, биз уни олиб қолишга ҳаракат қиламиз. Айни пайтда Олег “Локомотив” машғулотида қатнашяпти.
“Натижага биргаликда жавоб берамиз”
- Мирко Йеличич билан иккимиз ишлаяпмиз. Бизда ким бош мураббийлигининг ёки ёрдамчи эканининг аҳамияти йўқ. Иккаламиз жамоани шуғуллантиряпмиз ва натижага биргаликда жавоб берамиз.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар