Олимпиада совриндорларининг мураббийлари қанча мукофот олди?

Президент Шавкат Мирзиёев бугун Ўзбекистон миллий терма жамоаси таркибида Токио шаҳридаги ёзги Олимпия ўйинларида иштирок этган спортчилар, уларнинг ота-оналари ва мураббийлари билан учрашди.

Президентимиз олимпия терма жамоамиз аъзоларини рағбатлантириш тўғрисида:

– Албатта, жаҳоннинг энг йирик спорт мусобақаси бўлмиш Олимпия ўйинларида иштирок этишнинг ўзи катта шараф ва масъулият. Буни барчамиз яхши тушунамиз. Бунинг учун қанча оғир довонлардан, машаққатли синовлардан ўтиш талаб этилади.

Бу гал омади келмаган спортчиларимизга қарата, руҳингиз тушмасин, келгуси сафар бахт сизларга албатта кулиб боқади, деб ишонч билдирмоқчиман.

Улар ҳам кескин баҳсларда ғайрат ва шижоат билан кураш олиб бориб, катта синовларда ўз салоҳиятини намоён этганлари биз учун муҳимдир. Шунинг учун уларни ҳам ғолиблар қаторида кўриб, чин дилдан олқишлаймиз.

Биз Олимпиаданинг ғолиб ва совриндорлари, уларнинг тренерлари ҳамда барча иштирокчиларни муносиб тақдирлашга қарор қилдик.

Ўзбекистонда Олимпиада олтин медали соҳиблари – 200 минг АҚШ долларидан, бронза медали эгалари – 50 минг АҚШ долларидан мукофот пули билан тақдирланиши белгилаб қўйилганидан хабарингиз бор, албатта.

Бугун ғолиб ва совриндор спортчиларимизни тайёрлашда чинакам фидойилик кўрсатган Тўлқин Қиличев, Павел Хан, Фарҳод Мирзажанов, Нурали Қобулов, Музаффар Абдураҳмонов каби тажрибали мураббийларнинг номларини чуқур ҳурмат билан тилга оламиз.

Биз Олимпия чемпионларининг тренерларини – 40 минг АҚШ долларидан, бронза медаль соҳибларининг мураббийларини 20 минг АҚШ долларидан мукофотлашни лозим деб топдик.

Агар Олимпиадада иштирок этган ҳар бир спортчи кўп йиллик оғир тайёргарлик жараёнидан ўтишини кўз олдимизга келтирсак, улар ҳам бугун ғолиблар қаторида тақдирланишга муносиб эканига амин бўламиз.

Шуни ҳисобга олган ҳолда, бу спортчиларимизнинг ҳар бирини 5 минг АҚШ доллари миқдоридаги пул мукофоти билан рағбатлантиришга қарор қилдик.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!