Олимпия шаҳарчаси лойиҳалари ўрганилмоқда

Туризм ва спорт вазирлигида IV ёшлар ёзги Осиё ўйинларига бағишланган йиғилиш ўтказилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов, Миллий Олимпия қўмита раиси Рустам Шоабдурахмонов, вазирлик ва МОҚ ходимлари ҳамда спорт федерация ва ассоциацияларининг масъул вакиллари иштирок этишди.

Йиғилишда Олимпия шаҳарчаси қандай кўринишда бўлиши, унда спорт турларига ихтисослашган мажмуалар барпо этилиши, шаҳарча нафақат IV ёшлар ёзги Осиё ўйинлари учун хизмат қилиши, балки ундан кейин ҳам бу ердан самарали фойдаланиш борасида таклиф ва мулоҳазалар ўрганилди.

“Жаҳон тажрибасидан маълумки, йирик комплекс мусобақалар учун махсус барпо этилган спорт мажмуалари кейинчалик қаровсиз аҳволда қолади ва бу мамлакат иқтисодиёти учун катта зарар келтиради. Бунга Афина-2004 ёки Рио-2016 каби нуфузли мусобақалар учун барпо этилган замонавий спорт иншоотлари бугунги кунда аянчли аҳволда қолиб кетаётганини мисол келтириш мумкин. Шунинг учун “Тошкент-2025” IV ёшлар ёзги Осиё ўйинлари учун қуриладиган Олимпия шаҳарчасидан кейинчалик ҳам юртимиз ёшлари самарали фойдаланиши, қолаверса ушбу комплекс юртимизда Олимпизм ҳаракатини ривожлантириш учун хизмат қилиши, Олимпия шаҳарчаси келажакда ушбу соҳада илмий салоҳият, малакали таълим ва замонавий машқ жараёнларини ўзида мужассам этган йирик марказга айланиши лозим”, - деб таъкидлади А.Абдухакимов.

Олимпия шаҳарчасида спортнинг 20дан ортиқ тури бўйича мусобақалар бўлиб ўтиши режалаштирилган. Шунингдек, IV ёшлар ёзги Осиё ўйинларидан кейин ушбу маскандан мақсадли фойдаланиш мақсадида бу ерда “Олимпия университети” ташкил қилиниши ва ундан таълим йўналишлари ҳамда спорт турларининг асосий базаси сифатида фойдаланиш, спорт тиббиёти бўйича илмий-амалий марказ, спорт турлари бўйича федерация ва ассоциацияларнинг офислари жойлашиши режалаштирилмоқда.

Иншоот ва мажмуалар енгил конструкцияли, мухлислар учун ўриндиқлар ўзгарувчан (трансформациялашган) бўлиши ҳисобга олинади.

Олимпия шаҳарчасида 10дан ортиқ спорт объекти, 3 000 кишига мўлжалланган ётоқхона, 1 000 ўринли ошхона, 1 000 нафар ёшга мўлжалланган спорт таълим муассасаси (Осиё ўйинлари пайтида бу жой Ташкилий қўмита биноси вазифасини бажаради), “Олимпия университети”да фаолият олиб бораётган илмий ходимлар ҳамда ишчиларнинг фарзандлари учун 100 ўринли мактабгача таълим муассасаси (мусобақа даврида эса тиббиёт маркази) барпо этилиши кўзда тутилган.

Бу ерда IV ёшлар ёзги Осиё ўйинларининг тантанали очилиш ва ёпилиш маросими, шунингдек футбол ҳамда енгил атлетика мусобақаларини ўтказиш учун 30 минг томошабинга мўлжалланган замонавий футбол стадиони, сув спорти турлари, велотрек, жамоавий ўйин турлари (волейбол, баскетбол, гандбол, футзал)га ихтисослашган ёпиқ манеж, иншоот мажмуаси, бадминтон саройи, қиличбозлик зали, спортнинг яккакураш турларига мўлжалланган арена, универсал сарой ҳамда эшкак эшиш канали барпо этилади.

Йиғилишда соҳа мутахассислари ушбу ғояни қўллаб-қувватлашган ҳолда ўз таклиф ва фикр-мулоҳазалари билан ҳам ўртоқлашди.

Комплексдаги иншоотларнинг барчаси кейинчалик “Олимпия университети”нинг ўқув-машғулот базасига айлантирилиши кўзда тутилмоқда. Шунингдек, кўплаб спорт турлари бўйича федерация ва ассоциациялар ҳам шу жойга кўчирилиши, спорт тиббиёти маркази, замонавий мультимедиа маркази қурилиб, келгусида бу маскан 24/7 режимида ишлаб, мамлакатда спорт соҳасини ривожлантириш, Олимпия спорт турлари бўйича терма жамоаларга етук малакали ва иқтидорли спортчиларни тарбияловчи илмий масканга айлантирилади. Пировард натижада 2025 йилги IV ёшлар ёзги Осиё ўйинлари учун махсус қуриладиган Олимпия шаҳарчаси кейинчалик узоқ йиллар давомида Ўзбекистон спортининг тараққиёти йўлида хизмат қилади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!