"Олтин изловчилар" олтинга муносибми? Қизилга бурканган "Қизилқум" ҳақида

  • 4 июнь, 2022, 17:55
  • Шуҳратбек Жўраев
  • 0
  • Футбол
TIGGO 2 PRO

Суперлигада бунга қадар АГМК, “Сўғдиёна” ҳамда “Навбаҳор” жамоалари ҳақида сўз юритдик. Энди навбат 4-поғонадаги “Қизилқум” клубига етиб келди.

Юқоридагилардан фарқли ўлароқ, навоийликлар барча 11 та турни тўлиқ ўтказишга улгурди. Биласиз, мавсум бошида ушбу жамоага сербиялик Никола Лазаревич бош мураббий этиб тайинланди. Таркиб эса тажрибали футболчилар эвазига кучайтирилди. Олег Зотеев, Темурхўжа Абдухолиқов, Санжар Шоаҳмедов, Шуҳрат Муҳаммадиев, Бобур Йўлдошев ва бир қатор легионерлар билан шартнома имзоланди.

кизилкум1_6

Бу йил клуб олдига жиддий мақсад қўйилди: совринли ўринлар учун курашиш ва Ўзбекистон кубогида ҳам муваффақият қозониш! Хорижлик мураббий шунинг учун олиб келинди ва таркиб кучайтирилди. Шунга яраша “Қизилқум”нинг натижалари аввалига яхши кўриниш ҳосил қилди. Дастлабки бешта турда клуб тўртта ғалаба қозониб, бир бор дуранг ўйнади. Уларнинг чемпионатни муваффақиятли бошлашини ҳар ким турлича талқин қилди. Масалан, иккинчи даврадан натижалари пасайишни бошлайди ёки мавсум охиригача барқарорлигини сақлаб қолишга қодир, деган фикрлар янграй бошлади.

5-тургача мақтанишга арзийдиган натижаларни кўрсатган “Қизилқум” кейин бироз пастга шўнғишни бошлади. 6-турда “Навбаҳор”га ютқазди. 7-турда Бекободда 1:1 ҳисобида дуранг ўйнагач, кейинги турда Олмалиқда “Қизилқум” мезбонлиги остида ўтган беллашувда АГМКга 1:4 натижасида енгилди. Ушбу йирик мағлубият жамоага қаттиқ зарба берган кўринади, 9-турдаги натижа янада ёмонроқ бўлди. Қаршида “Насаф”дан мастер-класс намойиш этилди ва “Қизилқум” дарвозасига жавобсиз 5 та голни “михлаб” қўйди.

кизилкум5

Клуб Навоийдаги стадиони таъмирланаётгани сабабли ўз майдонидаги учрашувларни бошқа клубларнинг майдонларида ўтказиб келаётганди. Шу боис “Қизилқум” ҳам асосан сафарда ўйнашга мажбур бўлиб келди. 10-турга келиб Навоийдаги стадионига қайтди. 23 май куни ўтказилган беллашувда “Қизилқум” ўз майдонида “Сурхон”ни қабул қилиб 2:0 ҳисобида ғалабани қўлга киритди. Кейинги турда эса Қўқонда ҳам ишончли ўйин намойиш қилган навоийликлар сафардан 1:3 ҳисобидаги ғалаба билан қайтишди. Шундай қилиб, “Қизилқум” ҳам тўплаган очколарини 20 тага етказиб, турнир жадвалида АГМК, “Сўғдиёна” ва “Навбаҳор” билан бир қаторда. Фақат улардан бир ўйин кўп  ўтказган.

Кўриб турибсизки, Лазаревич жамоасида кўтарилиш ва пасайишлар учраб турибди. Юзага келган кичик инқироздан сўнг клуб яна ғалабаларни бошлаганди, аммо шу пайтда чемпионатда танаффус бўлиб қолди. Сербиялик мутахассис ҳам яқинда Sports.uz сайтига берган интервьюсида жамоасидаги инқироз аллақачон ортда қолганини айтганди. Бунга кетма-кет иккита қўлга киритилган ишончли ғалабани мисол келтирсак бўлади.

кизилкум4

АГМК билан “Сўғдиёна” 18 та гол уриб бу борада энг яхши кўрсаткичларга эга. Улардан кейин “Қизилқум” жамоаси бор. Улар 11 та учрашувда рақиблар дарвозасига 17 та тўп киритишди. Лекин 4-ўринда бораётган ушбу жамоа ўз дарвозасидан бошқаларга қараганда кўпроқ гол ўтказди. Яъни, 14 марта дарвозасидан тўп олиб чиқишди. Демак, 20 очко жамғарган “Қизилқум”да ҳимояда айрим ожиз нуқталар бор ва буни рақиблар пайқаб қолишган. Шу билан бирга ушбу клуб очиқ ўйин кўрсатаётганини ҳам айтиш керак. Бундай паллада ўзи ҳам гол уради ва рақибга ҳам гол уриш имкониятини яратиб қўяди. Ҳужум чизиғида голни яхши ҳис қиладиган футболчилар бор. Умуман олганда, клуб сафида ажойиб ижрочилар жамланган. Фақат айрим пайтларда ҳимоячилар ва дарвозабонларнинг хатолари қимматга тушди. Масалан, “Қизилқум”нинг иккинчи посбони Жавоҳир Илёсовга “Насаф” билан ўйинда ўзини кўрсатиш имконияти тақдим этилди. Бироқ у бундан фойдалана олмади. Натижа ўзингизга маълум, у ўз дарвозасидан 5 та тўпни олиб чиқди.

Дарвоқе, Никола Лазаревич шогирдлари Ўзбекистон Кубогида гуруҳда 2-ўрин билан кейинги босқичга чиқди. Клуб учун барчаси ҳали олдинда. Қизиғи, иккинчи даврада “Қизилқум” қандай натижа кўрсатаркин? Чунки охирги йилларда ушбу жамоанинг иккинчи даврадаги натижаларида пасайиш кузатилаётганди. Бу йил қандай бўлади? Лазаревич илк бор Ўзбекистон чемпионатида ишлаяпти ва ўзидан яхши таассурот қолдиришни у ҳам жуда истаяпти. “Қизилқум” совринли ўринлар учун курашда рақобат кўрсатиши тайин, аммо ҳам гап барқарорликни қанчалик сақлаб қолишига боғлиқ. "Олтин изловчилар" олтинга муносибми? Буни мавсум якунида биламиз!  

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!