Ўрунов – Премьер-лиганинг ҳар қандай клубини кучайтиришга қодир!

Европанинг қатор мамлакатлари каби Россияда ҳам трансфер ойнаси очилгани боис, футболчилар фаолиятига доир янгиликлар ҳам кўпайиб бормоқда. Хусусан, энг кўп муҳокама қилинаётган ўйинчилардан бири – Остон Ўрунов масаласи ҳамон долзарблигича қолмоқда.

Сўнгги хабарлардан “Спартак” мураббийлар штаби Остон Ўруновни 14-24 январь кунлари Бирлашган Араб Амирликларида бўладиган дастлабки ўқув-машғулот йиғинларига жалб этгани маълум. Гарчи бу ҳолат москваликлар ўзбек футболчисига ишонч билдиришда давом этишидан далолат берса-да, Ўруновнинг бошқа жамоага ўтиб кетиш эҳтимоли ҳам тобора ортиб бормоқда.

1600278862_spartak_1_4

Куни кеча, “Уфа” бош директори Ринат Шайбеков клуб қанчалик хоҳламасин, Остон Ўруновни олиш имконияти йўқлигини билдирганди. Бироқ клуб бошқарув кенгаши раиси Ростислав Мурзагулов уфаликлар Остон Ўруновни олиш фикридан тўла қайтмаганини маълум қилди.

- Албатта, бизнинг ҳам клубдаги ўзгаришлар бўйича ўз режаларимиз бор. Лекин кимлар кетиши кераклигини ҳозирдан гапирсак тўғри бўлмайди. Келадиганлар ҳақида аввал ҳам кўп гапирганман. Агар янгилар олинадиган бўлса, ҳозирдан асосий таркибки кучайтиришга қодир футболчиларни таклиф қиламиз. Қайси позицияларни кучайтириш кераклигини аниқ биламиз. Дарвозадан бошқа ҳар бир нуқтага биттадан футболчи олишимиз керак.   

Ўз навбатида, жамоани кучайтирадиган футболчилар билан музокараларга киришилган, лекин одатга кўра, келишув амалга ошмагунича, олдиндан овоза қилинмайди. Нима бўлса ҳам, бир жуфт яхши трансферни уддалашимиз аниқ.

Ўрунов масаласи жуда нозик. Биз у ҳақида мамнуният билан бирон нарса дейишимиз мумкин бўлган ҳолатдамиз. Лекин ҳар бир сўзимиз амалда бошақача талқин қилиниш эҳтимоли юқори. Шунинг учун ҳам Остон масаласида ҳар қандай изоҳни ичимдан ташқарига чиқармайман.

Шуниси аниқки, Остон Ўрунов Россияда ҳар қандай клубни кучайтиришга қодир. Ҳатто ўша “Спартак”ни ҳам!, - деди Ростислав Мурзагулов.

Дарҳақиқат, “Уфа” Остон Ўруновнинг Россиядаги дастлабки клуби ҳисобланади. 2020 йилнинг бошида Тошкентнинг “Локомотив” жамоасида “Уфа”га кўчиб ўтган ҳамюртимиз премьер-лига ўз ўйинлари билан уфаликларга катта ёрдам берди. Ўтган мавсум якунланиши билан Ўруновга ЦСКА, “Локомотив”, “Спартак” ва “Рубин” каби жамоалардан жиддий таклифлар бўлди. Гарчи қолган жамоалар Ўрунов трансфери учун “Спартак”дан кўп пул ваъда қилган бўлса-да, ёзда “Спартак” бш директорига айланган Шамиль Газизов Ўзбекистондан ўзи олиб келган истеъдод эгасини бошқа клубларга бергиси келмади.

Натижада 1,5 миллион евро эвазига “Спартак” таркибига бориб қўшилган Остон москваликлар билан беш йиллик шартномага имзо чекди. Ўзбекистонлик футболчи ҳозиргача премьер-лига ва мамлакат кубоги доирасида жами тўққизта учрашувда майдонга тушиб, битта гол урди. Чемпионат ўйинларида баҳсга асосан сўнгги дақиқаларда қўшилаётган легионеримиз ўзини кўрсатиш учун етарли даражада ўйин амалиётига эга бўлмаяпти.

1280_864_max+(11)

Шу ўринда, “Спартак”да легионерлар билан боғлиқ вазият тобора чигаллашиб бормоқда. Россия премьер-лигасида легионер сонига чеклов киритилган ва ҳар қандай клуб саккизтадан ортиқ хорижлик футболчини рўйхатдан ўтказиши мумкин эмас. Ҳозир “Спартак” таркибида Ўзбекистон, Франция, Бразилия, Чехия, Нигерия, Швеция ва Аргентинадан жами еттита хорижлик футболчи бор.

Яқинда “Спартак” Голландия чемпионати грандларидан бири ПСВ жамоаси ярим ҳимоячиси Йоррит Хендрикс билан келишувга эришгани ҳақида хабар тарқатилди. Шунингдек, москваликлар таркибига “Фламенго”га ижарага берилган бразилиялик Педро Роша ҳам қайтмоқда. 2017 йили 12 миллион еврога харид қилинган бу футболчи ҳам Остон Ўрунов билан бирга дастлабки ўқув-машғулот йиғинида иштирок этади.

Роша ва Хендрикснинг келиши билан, “Спартак”даги хорижликлар сони тўққизтага етади ва қайсидир бир легионер жамоани тарк этиши керак. Ҳозирча, бу айнан Остон Ўрунов бўлиши мумкинлиги айтилмоқда.

Ўруновни Европада кутишяптими?

Ўруновдан хушхабар!

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!