Ўруновдан Юранга жавоб юриши! Остон нима қилмоқчи?
Россия футболида энг кўп муҳокама қилинаётган, футбол жамоатчилигининг эътиборидан четга чиқмаётган футболчи Остон Ўрунов бўлса керак. Рус футболини ёритувчи расмий ва норасмий манбалар, оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар ўзбек футболчиси ҳақида у “Уфа”га ўтган давр – 2020 йилнинг бошидан буён бонг урмоқда. Айниқса, ўзбек футболчиси “Спартак”га ўтганидан бери турли-туман янгилик ва хабарларда бош мавзуга айланган.
Кейинги кунларда рус футболида ўз ўрнига эга бўлган Сергей Юраннинг Остон Ўруновнинг ёшига шубҳа қилгани жуда кўп муҳокамаларга сабаб бўлди.
- Бизда футболчиларнинг ёши беш йилга, ҳатто 10 ёшгача кичрайтирилади. Кокорин масаласи ҳамон тушунарсиз бўлиб қолмоқда. “Уфа”дан футболчи олинди. Ёш ўйинчи, дейишмоқда Лекин у аслида ҳозирги ёшидан 4-5 ёш катта эканини ҳамма билади. Бу сир эмас. Ҳатто “Спартак” раҳбарияти ҳам ҳайрон бўлганди, - деди Сергей Юран.
Бунга жавобан, “Спартак” ва “Уфа” клублари, россиялик ва ўзбекистонлик мутасаддилар, мутахассислар, мураббийлар ва журналистлар ўз фикрлари орқали Остоннинг ёши урилмаганини исботлашга ҳаракат қилди.
Кўпчилик томонидан танқидга учраётган Сергей Юран кейинроқ ўз иддаосини исботлаш учун жўяли факт келтира олмай, ўзбекистонлик танишларининг гапига таянганини айтишдан нарига ўтолмади.
Энди юриш навбати шу пайтгача жим турган Остон Ўрунов томонида. Хўш у нима қилади?
“Спартак” клубининг Жамоатчилик билан алоқалар департаменти директори Антон Фетисов Остон Ўруновнинг манфаатларини ҳимоя қилаётган мутахассислар “СКА-Хабаровск” бош мураббийи Сергей Юран иддаоларига қандай муносабатда бўлишини билдирди.
- Мендаги маълумотларга қараганда, Остон Ўруновнинг вакиллари Этика қўмитасига расман мурожаат қилишга тайёргарлик кўрмоқда, - деди Антон Фетисов.
Шунингдек, Фетисов Сергей Юран ўз вақтида футболчи сифатида катта ҳурмат-эътибор қозонгани, бироқ, кейинги пайтда ҳақиқатга тўғри келмайдиган турли иддаоларни ўртага ташлаётганига ҳам урғу берди.
Таъкидлаш жоизки, Остон Ўруновнинг “Спартак” жамоасига трансферида бош ролни ўйнаган Шамиль Газизов ушбу клубдаги бош директор лавозимидан озод этилганидан кейин кўпчилик ўзбек футболчисининг ҳам жамоадан кетишини кутмоқда.
Айни пайтда, 19 ёшли Ўруновга Россия премьер-лигаси, Миллий футбол лигаси ва хориж клубларидан таклифлар бўлаётгани айтилмоқда. “Спартак” бош мураббийи Доменико Тедеско ҳам ёш футболчи ҳали ўсишга эришиши, унга катта клубдаги босимга мослашиш учун вақт кераклигини, ўзи имкон беришга тайёр эканини таъкидламоқда.
Остон гарчи бошланғич таркибга кира олмаётган бўлса-да, деярли ҳар бир учрашувда бир неча дақиқа ўйнаш имконига эга бўлаётгани Тедесконинг позицияси ҳақиқатга яқин эканини кўрсатмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, Остоннинг фаолияти қандай ва қайси жамоада давом этиши мавҳумлигича қолмоқда. Ноақниклик эса, Ўрунов масаласини ҳамманинг диққат-эътибор марказида ушлаб турибди.
Фикрлар