Ўруновга доир можаро халқаро даражада кўрилади

Таниқли россиялик мураббий Сергей Юраннинг оммавий ахборот воситаларида   “Спартак” легионери Остон Ўруновнинг ёши 4-5 йилга кичрайтирилгани ҳақида айтган гаплари ортидан келиб чиққан можаро ҳали тинчимайдиган кўринади.

“СКА-Хабаровск” жамоаси бош мураббийи Юран томонидан Ўруновга қўйилган айблов Россия ва Ўзбекистон футбол жамоатчилиги, Ўрунов ўйнаган клублар раҳбарияти, мухлислар, мутахассислар ва журналистларнинг мутахассисга нисбатан кескин қаршилигига сабаб бўлди.

Юран ўз позициясини фактлар билан исботлаб бера олмади ва ўзини оқлаш учун қулоққа чалинган умумий гапларни келтирди холос.

large_125

Катта шов-шувга сабаб бўлган бу иш Россия футбол иттифоқи Этика қўмитаси томонидан кўриб чиқилиб, мураббийга нисбатан 250 минг рубль миқдорида жарима тўлаш жазоси қўлланилди. Бироқ, айбини тан олмаган Юран бу қарор устидан Россия футбол иттифоқининг Апелляция қўмитасига мурожаат этди.

Куни кеча, Апелляция қўмитаси бу иш юзасидан ўз қарорини эълон қилди.

Унга кўра, “СКА-Хабаровск” бош мураббий Сергей Юраннинг Этика қўмитаси томонидан чиқарилган қарор бўйича шикояти қисман қаноатлантирилди. Яъни, мураббий тўлаши керак бўлган жарима миқдори 250 минг рублдан 150 минг рублга камайтирилди.

Таъкидлаш жоизки, Россия футбол иттифоқи Апелляция қўмитасининг қарори ҳам Юранни қониқтиргани йўқ. Мураббий бу масалани халқаро даражага олиб чиқмоқчи. У ишни Швейцариянинг Лозанна шаҳрида жойлашган Спорт арбитраж судида кўриб чиқилишига эришмоқчи.

- Ҳалигача мени нима учун жаримага тортишганини тушуна олмаяпман. Менимча, гапларим ҳеч нарсага таъсир кўрсатгани йўқ, муҳими футболчининг ўзи ҳам, “Спартак” клуби ҳам устимдан шикоят қилмаган. Ўзбекистон футбол ассоциациясидан келган хатни юристим билан кўрганимиз ҳам йўқ. Агар улар шундай қарорга келган бўлса, мен нима ҳам қила олардим.

Апелляция қўмитасининг қарори энди чиқди. Спорт арбитраж судига мурожаат қиламанми ёки йўқ, буни кўрамиз. Мени тўлиқ оқлашларини кутгандим. Юристимиз билан бирга Этика қўмитасининг қарорларида аниқликни кўрганимиз йўқ, ҳаммаси умумий гаплар. Юрист билан буни яна кўриб чиқамиз. Этика қўмитаси қарори устидан яна шикоят йўллайшимиз мумкинлигини инкор қилмайман. Чунки мен учун 150 минг рубль ҳам катта пул, - деди Сергей Юран.

Айни пайтда ҳар икки томоннинг футболдаги ишлари ўзлари истаган даражада кетмаяпти. Ўз вақтида “Уфа” етакчиси бўлган Остон Ўрунов “Спартак”га ўтганидан бери асосий таркибга кириш учун курашмоқда. Ҳозирча, ҳамюртимиз буни уддалай олгани йўқ. Премьер-лигада асосан сўнгги дақиқаларда майдонга тушмоқда. Қишки трансферлар вақтида Ўрунов бошқа жамоага ўтиши кутилганди. Негадир москваликлар “Рубин” ва “Уфа”нинг трансфер ёки ижара тўғрисидаги сўровларини қабул қилмади ва Остонни “Спартак” таркибида олиб қолди. Ҳамон Ўруновнинг “Спартак”даги тақдири мавҳумлигича қолмоқда.

1280_864_max+(11)

Сергей Юран бошчилигидаги “СКА-Хабаровск” клуби Миллий футбол лигасида юқори ўринлар учун курашиши кутилган эди. Лекин ўтказилган 26 та учрашувда 40 очко жамғарган хабаровсклик футболчилар мусобақа жадвалида еттинчи ўринда бормоқда. Ушбу жамоа мусобақада пешқадамлик қилаётган  “Нижний Новгород” клубидан 18 очкога ортда қолиб кетди.

Миллий футбол лигаси 27 февралдан давом эттирилади.

Россия футболида Ўзбекистон легионерларининг ўз ўрни бор, фақат...

Хорижни кўзлаган истеъдодларимиз синиб қолмасин!

Ўрунов “Спартак”да қоладиган кўринади. Остон учрашувнинг энг зўр ўйинчиси бўлди!

 “Спартак” легионерини сотмоқда. Бундан Ўруновга фойда борми?

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!