Ўруновни Осиё чемпионатига олиб кетмаган Друлович унинг "Спартак"ка ўтишини ўзбек футболи учун муҳим воқеа сифатида баҳоламоқда
Охирги пайтларда Остон Ўрунов барчанинг диққат-марказида бўлиб турибди. Фаолиятини “Уфа” клубида бошлаганига ҳали кўп вақт бўлмаган ҳамюртимиз қисқа фурсат ичида ўйинига шу даражада сайқал бера олдики, якунда у “Уфа”нинг муҳим футболчиларидан бирига айланди-қолди.
Энг қизиғи эса, Ўрунов дарҳол бошқаларнинг қизиқишини уйғота олди. Бунгача ҳам биз Остоннинг иқтидори ҳақида билардик. Мана, энди россияликлар ҳам ҳамюртимизнинг ўйинига юқори баҳо беришаётгани қувонарли, албатта. Айниқса, унинг “Спартак” жамоасига ўтиши кутилаётгани кўп нарсадан дарак беради. Тўп билан жуда яхши муомала қила оладиган, майдонда эркинлик асосида қўрқмасдан ўйнашни ёқтиради ва жамоасининг ўйинини белгилаб беришда ҳам муҳим ижрочи саналади. “Спартак”нинг Остонга жиддий қизиқаётгани ҳам бежиз эмас. Ўрунов ва “Спартак” тўғрисида сайтимиз орқали ўқувчиларимизга энг сўнгги хабарларни бериб бораётганимиз учун воқеалар ривожи қандай тус олаётганини энди кўпчилик яхши билади. Муҳими, Остоннинг тажрибаси ўсиб боряпти.
Остон Ўрунов мисолида биз ўзбек футболининг бўлажак юлдузини кўраётгандекмиз. 2000 йилда таваллуд топган ушбу йигит учун ҳали ҳаммаси олдинда ва у эндигина катта футболнинг остонасида десак муболаға бўлмаса керак. Аммо бизни хурсанд қиладигани шуки, Ўрунов ўз ёшига нисбатан анча дадил ривожланиб боряпти. Терма жамоамизда эса Одил Аҳмедовдан кейин етакчиликни ўз қўлига олса ҳам ажаб эмас.
Ўз вақтида Остонни Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоасидаги ўйинларини кўриб, унинг имкониятлари катта эканлигини пайқаш қийин бўлмаганди. Яъни, унинг футболчи сифатида ўсиши аслида янгилик эмасди. У қаерда бўлса ҳам ўзидаги бор иқтидорини кўрсатишга одатланган.
Лекин Остон Ўрунов Ўзбекистон олимпия терма жамоаси билан Осиё чемпионатида иштирок этишдан маҳрум этилганини ҳамма билади. Айниқса, ўшанда терма жамоамиз Олимпиада йўлланмасини қўлга кирита олмагач, собиқ бош мураббий Любинко Друлович Остон Ўруновни таркибга жалб қилмагани сабабли кескин танқидга учраганди. Ёдингизда бўлса, Друлович Ўруновни терма жамоага жалб қилмаганини унинг ўрнида ўйнайдиган 4-5 нафар яхши даражадаги ярим ҳимоячилар борлигини ва 23 талик рўйхатдан энг иқтидорли ўйинчилар жой олганини айтганди. Бу билан Друлович Ўруновга унчалик эхтиёж сезмагандек бўлганди.
Шунингдек, одамлар орасида сербиялик мутахассисга Ўруновнинг характери ёқмаганли ҳақида ҳам гап-сўзлар йўқ эмасди. Хуллас, ўша воқеадан олти ой вақт ўтди. Хўш, энди ким қаерда? Друлович уйида, Ўрунов эса Россия премьер-лигасида ўсишда давом этяпти. Тўғри, ҳар бир мураббий футболга ўз қарашидан келиб чиққан ҳолда жамоани шакллантиради.
Остон Россияга кўчиб ўтгач, унинг ўйинларини кузатаётганлар аудиторияси янада кенгайди. Ўша Осиё чемпионатига олиб кетмаган Друлович ҳам Ўруновни кузатиб бораётган бўлиши мумкин. Чунки унинг ўзи ҳам барибир Остоннинг иқтидорини яхши биларди. Айни пайтда эса Ўруновнинг янги клубга ўтиши кутилаётгани балки сербиялик мураббийнинг эътиборини ҳам ўзига қаратаётгандир. Любинко Друлович билан эса доимий равишда алоқани сақлаб қолганимиздан фойдаланган ҳолда ундан бугунги кунда Остон Ўрунов атрофида юз бераётган воқеаларга муносабат билдиришини сўрадик. Ўз ўрнида терма жамоамизнинг собиқ устози бу борадаги фикрларини қуйидагича билдирди:
- У ажойиб, иқтидорли, индивидуал томондан яхши ва ёш ўйинчи. Тактик тарафдан эса ўсиши керак. Аммо Россияда ўйнаш унга бу борада ёрдам беради. Шуни бемалол айтиш мумкинки, Остон ҳозирнинг ўзида яхши клубда ўйнаяпти, лекин “Спартак”дек катта клубга ўтиш у ва ўзбек футболи учун муҳим воқеа бўлади. Агарда бор диққатини жамлай олса муваффақиятли “карьера” қила олишига ишонаман. Ўруновга энг яхши тилакларни билдираман, - дея муносабат билдирди, Друлович.
Фикрлар