“Осиё болалари-2022”: иккинчи кундан кейин Ўзбекистон делегацияси нечанчи ўринда бормоқда?

Хабарингиз бор, айни кунларда Россия Федерациясининг Владивосток шаҳрида VII “Осиё болалари” спорт ўйинлари давом этмоқда. Иккинчи кунги беллашувларида ҳам ҳамюртларимиз медаллар жамғаришди.

-44 кг вазн тоифасида баҳс олиб борган юртдошимиз Зебинисо Ҳошимжонова барча рақибларини мағлуб этиб, мусобақа чемпионига айланди. “Осиё болалари” мусобақасида иккинчи олтин ҳам кўп куттирмади. Яна бир таэквондочимиз Шамсиддин Қурбонов олтин медалга сазовор бўлди. -48 кг вазн тоифасида жанг қилган Қурбонов барча рақиблари устидан ишончли ғалабага эришди.

Лайло Зайниддинова “Осиё болалари” мусобақасида кумуш медалга сазовор бўлди. -55 кг вазн тоифасида мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилган юртдошимиз, делегациямизга иккинчи кумуш медални келтирди.

Стол тенниси бўйича аралаш жуфтлик баҳсларида ҳамюртларимиз Искандаров Шоҳруҳ ва Ибодуллаева Сўғдиёна тандеми иккинчи ўринни эгаллади.

Далер Суфянов сузиш мусобақасининг 100 метрга баттерфляй усулда сузишда 56,67 натижа билан белгиланган масофани учинчи бўлиб босиб ўтди ва бронза медалига сазовор бўлди.

Кеча Асадбек Абдумаликов 200 метрга баттерфляй усулда сузишда белгиланган масофани иккинчи бўлиб босиб ўтиб, “Осиё болалари” халқаро спорт ўйинларининг кумуш медалини қўлга киритган эди.

Шу тариқа, “Осиё болалари” халқаро спорт ўйинларида ҳозирча Ўзбекистон терма жамоаси ҳисобида 6та медал, яъни 2та олтин, 3та кумуш ва 1та бронза бор.

“Осиё болалари” халқаро спорт ўйинларида бугунги ҳамюртларимизнинг муваффақиятли иштироклари билан Ўзбекистон кучли бешликда ўз ўрнини сақлаб қолди.

Эслатиб ўтамиз, “Осиё болалари-2022” баҳсларида 15 мамлакат, Россия Федерациясининг алоҳида 8 та округ ва республика жамоаларининг 1350дан зиёд спортчи болалари қатнашмоқда.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!