Осиё ўйинлари 5-кун. Бугун 5та медални қўлга киритдик ва ўз ўрнимизни сақлаб қолдик (ФОТО)
Ads

Хабарингиз бор шу кунларда Индонезиянинг Жакарта ва Палембанг шаҳарларида 18-Осиё ўйинлари бўлиб ўтмоқда.

Бугун мусобақанинг бешинчи кунида вакилларимиз 10та спорт турида курашларда иштирок этишди. Куннинг биринчи қисмида академик эшкак эшувчиларимиз медаллар дастасини қўлга киритишди. Жуфтлик баҳсларида Шаҳбоз Ҳолмурзаев ва Шаҳбоз Абдужабборовлар ўз чиқишларида маррага биринчи бўлиб етиб боришди ва олтин медални терма жамоамиз ҳисобига қўшиб қўйишди. Сўнгра Сардор Тўлқинхўжаев ва Алишер Турдиевлардан ташкил топган бошқа бир жуфтлигимиз медаллар учун стартга чиқишди ва иккинчи ўринни эгаллаб, кумуш медалга сазовор бўлишди. Тўртлик баҳсларида иштирок этган спортчиларимиз эса (Исламбек Мамбетназаров, Отамурод Раҳимов, Шеҳроз Ҳакимов, Зафар Усмонов) бронза медалини спорт делегациямизга тақдим этишди.

Кейинроқ Таэквондо бўйича -49кг вазн тоифасида баҳсларда қатнашган 17 ёшли спортчи қизимиз Мадинабону Маннопова мусобақа давомида Гонконг, Ливан ва Япония вакилларини мағлубиятга учратиб, финалгача етиб борди. Ҳал қилувчи баҳсда эса таиландлик Панипак Вонгпаттанакитга имкониятни бой берди ва якунда кумуш медаль соҳибасига айланди.

Спорт гимнастикасида афсонавий спортчимиз, 43 ёшли Оксана Чусовитина ўзининг севимли услуби ҳисобланган таяниб сакраш машқларида иштирок этди ва якунда иккинчи натижани қайд этиб, кумуш медални қўлга киритди.

Умумий ҳисобда спортчиларимиз бугун 1 та олтин, 3та кумуш ва 1та бронза медалларига эга чиқишди. Шундай қилиб, ўтган беш кун натижаларига кўра ҳозирча терма жамоамиз делегацияси ҳисобида жами 19та медаль мавжуд ва улар умумжамоа ҳисобида ўзлари эгаллаб турган 9-ўринни сақлаб қолишди.

medal5

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Давронбек Кодиров
23/08/2018 19:17
Осиё ўйинларида бокс борми? Бўлса нега хабарлар йўқ.
24/08/2018 08:23
bugun 24 avgust kuni ular bellashuvlaga kirishadi