Осиё ўйинлари, ҳаваскор ММА, UFC ва Олимпиада: Ўзбекистон ММА ассоциацияси Бош котиби Хожиакбар Ҳакимов билан эксклюзив интервью!

  • 28.08.2026 22:07
  • Javohir Malikov
  • 0
  • MMA
Komp: Xabar sarlavhasi ostidagi

Ўзбекистон ММА ассоциацияси сўнгги йилларда нафақат мамлакат ичида ушбу спорт турини оммалаштириш, балки халқаро майдонда ҳам юқори натижаларга эришиш йўлида тизимли ишларни амалга оширмоқда. Бу жараёнда Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси томонидан кўрсатилаётган эътибор ва қўллаб-қувватлаш муҳим аҳамият касб этмоқда. Хусусан, Осиё ўйинлари дастурига ҳаваскор ММАнинг киритилиши, Ўзбекистоннинг нуфузли халқаро мусобақаларга мезбонлик қилиши ҳамда UFC турнирини мамлакатимизда ўтказиш бўйича олиб борилаётган музокаралар бу йўналишга бўлган қизиқишни янада оширди.

Биз эса айнан мана шу жараёнларнинг ичида бўлиб турган Ўзбекистон ММА ассоциацияси Бош котиби Хожиакбар Ҳакимов билан суҳбат уюштирдик. Қуйида ушбу қизиқарли интервьюни эътиборингизга ҳавола этамиз.

– Аввало, “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги” эсдалик нишони билан тақдирланганингиз билан табриклаймиз! Ўзбекистон ММА ассоциацияси Бош котиби сифатида юртимизда ММАнинг ривожи ва оммавийлиги ҳақида қандай фикр билдира оласиз?

– ММАнинг юртбошимиз томонидан Ички ишлар вазирлиги тизимига ўтказилиши ва Ички ишлар вазири Азиз Ташпулатовнинг ассоциация раиси этиб тайинланиши ушбу спорт турига катта эътибор қаратилаётганидан далолат беради. Масалан, волейбол ҳам Ички ишлар тизимига ўтгач, спортчиларимиз жаҳон ареналарида муваффақиятли иштирок эта бошлади. Қисқа вақт ичида Ўзбекистон ММА бўйича халқаро турнирларда юқори натижаларни қайд этмоқда. Оммавийликка келсак, юртимизда ММА билан доимий шуғулланувчилар сони 10 минг нафардан ошди ва бу кўрсаткич кун сайин ошиб бормоқда. Шунингдек, Ўзбекистон юқори савиядаги мусобақаларга ҳам мезбонлик қилишни бошлади. ММА Осиё ўйинлари дастурига илк бор киритилгач, лицензия берувчи мусобақалардан бири ҳам мамлакатимизда ўтказилди.

– Назаримда, IMAAF, GAMMA ва AMMA йўналишларида анча салмоқли ютуқлар қўлга киритилмоқда. Бунинг асосий сабаби нимада, деб ўйлайсиз?

– Менимча, бунинг асосий сабаби – Ички ишлар вазирлиги томонидан қаратилаётган эътибор. Шунингдек, ҳар бир спортчи, мураббий ва федерация аъзоларининг бирдамлиги, ўз устида мунтазам ишлаши ҳам муҳим омил ҳисобланади. Федерациямизга раҳбарият томонидан кўрсатилаётган эътибор ҳам катта аҳамиятга эга. Ўйлайманки, келажакда бундан ҳам катта натижаларга эриша оламиз. Бунинг учун бизда барча имкониятлар мавжуд.

– ММАнинг АММА йўналиши Осиё ўйинлари дастурига киритилди ва тез орада ушбу нуфузли мусобақа старт олади. Таркибимиз маълумми?

– Юқорида айтганимдек, юртимизда лицензион мусобақалар ўтказилди ва унда бир қатор спортчиларимиз Осиё ўйинларига йўлланмаларни қўлга киритишди. Бизда 4 та квота бор: эркаклар ўртасида -60 кг, -65 кг ва -71 кг вазн тоифаларида уч нафар, аёллар ўртасида эса 60 кг вазнда бир нафар спортчимиз медаллар учун кураш олиб боради. Ушбу спортчиларимиз учун федерация томонидан юқори савиядаги ўқув-машғулот йиғини ташкил этилди. Ўйлайманки, Осиё ўйинларида ҳам яхши натижаларни қайд этамиз.

– Юртимиз шарафини ҳимоя қиладиган спортчиларимиз айнан кимлар?

– 60 кг вазнда Атамуратов Фирдавс, -65 кг вазнда Насриддинов Хусниддин, -71 кг вазнда Шавкатов Нодирбек ва аёллар ўртасида 60 кг вазнда Омонкелидиева Муштарийбону юртимиз шарафини ҳимоя қилади.

– ММА ассоциацияси таркибига панкратион ва грепплинг йўналишлари ҳам киради. Бу борада қандай ишлар амалга оширилмоқда? Спортчиларимизнинг салоҳияти қандай?

– Грэпплинг бўйича AIGA ва "United World Wrestling" ташкилотлари бирлашди. Илк мусобақамиз Туркиянинг Истанбул шаҳрида 19–20 сентябрь кунлари ўтказилади. Мазкур турнирда бош мураббий Руслан Якубов бошчилигида 5 нафар грепплинг устамиз иштирок этади. Насиб қилса, улардан ҳам юқори натижалар кутиб қоламиз. Панкратионга келсак, аввал "Pankration Elite" йўналиши мавжуд эди. У 18 ёшдан катталар ўртасида ўтказиларди. Ҳозир ушбу йўналиш ҳаваскор ММА деб номланади.

– Ўзбекистонда UFC турнири ўтказилиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалди. Бу қанчалик ҳақиқатга яқин?

– UFC ташкилотчилари билан музокаралар олиб борилди ва бу жараён ҳозир ҳам давом этмоқда. Фақат биз томондан ҳам, UFC томонидан ҳам айрим талаблар қўйилган. Агар ўзаро келишувга эриша олсак, яқин йилларда Ўзбекистонда UFC турнири бўлиб ўтади. Биз бундай жанг оқшомини ўтказиш учун ҳар томонлама тайёрмиз. Келишув ижобий якунланиши билан бу ҳақда расман эълон қиламиз.

– Умуман олганда, профессионал ММА бўйича юртимизда бир қатор лигалар фаолият юритмоқда. Мутасадди сифатида уларнинг фаолиятига қандай баҳо берасиз?

– Бу жуда яхши. Чунки соғлом рақобат пайдо бўлди. Рақобат бор жойда ўсиш бўлади. Ҳар бир лига ўз камчиликлари устида ишлаб, жаҳон стандартларига жавоб бера оладиган даражага чиқмоқда. Бундан жуда хурсандмиз. Бу нафақат спортчиларимизга катта имконият яратади, балки уларнинг салоҳиятини намоён этишига ҳам хизмат қилади. Ушбу лигалар яқин келажакда жаҳон аренасида ҳам ўз ўрнига эга бўлади, деган умиддаман.

– ММАнинг Олимпия ўйинлари дастурига кириш эҳтимоли ҳақида қандай фикрдасиз? Бунинг имкони борми?

– Хабарингиз бор, UWW ташкилоти Халқаро Олимпия қўмитаси томонидан тан олинган. Яъни у қўйилган талабларга тўлиқ жавоб беради. Бу нима дегани? Менимча, 2028 йил бўлмаса ҳам, 2032 йилги Олимпия ўйинлари дастурига ММА ҳам киритилади. Бунинг учун жуда катта ишлар амалга оширилмоқда.

– Ҳаваскор йўналишда Ўзбекистон яна қандай нуфузли мусобақага мезбонлик қилиши кутилмоқда?

– Биласиз, Ўзбекистон халқи ММАга жуда қизиқади. Шу вақтга қадар юртимиз бир нечта йирик мусобақага мезбонлик қилди ва уларнинг барчаси юқори савияда ташкил этилди. Шу боис халқаро ташкилотлар бизга катта ишонч билдириб, турли таклифлар билан чиқмоқда. Айни пайтда бир қатор келишувлар устида ишлаяпмиз. Улар якунлангач, расмий маълумот берамиз.

– Жавобларингиз учун раҳмат. Ўйлаймизки, Осиё ўйинларида ижобий натижалар қайд этилади!

– Сизга ҳам катта раҳмат. Насиб қилса, Осиё ўйинларида ҳам, ундан кейин бўлиб ўтадиган Осиё жанговор ёпиқ иншоотлар ўйинларида ҳам юқори натижаларни қайд этишга ҳаракат қиламиз. Мухлисларимиздан эса қўллаб-қувватлашни сўраб қоламан. Зеро, куч – бирликда!

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!