Осиёнинг кучли лигаларидан таклифлар, "Торпедо"нинг қизиқиши ва клуб президенти уни ҳайрон қолдиргани ҳақида Ҳожимат Эркинов билан интервью

Бир неча кун олдин Россиянинг "Торпедо" клуби Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси вингери Ҳожимат Эркинов трансферини эълон қилди. "Оқ-қоралар" матбуот хизмати футболчимиз билан дастлабки интервьюни ҳам тақдим этиб улгурди. Қуйида суҳбатнинг ўзбек тилидаги версиясини ўқишингиз мумкин.

- Ҳожимат, "Торпедо"нинг сизга қизиқаётгани ҳақида илк бор қачон эшитдингиз?

"Февраль-март ойларида. Бироқ ўша пайтда Ўзбекистон чемпионати қизғин паллада эди ва бор эътиборимни ички биринчилик баҳсларига қаратгандим. Осиё Кубогидан сўнг қизиқиш янада кучайди.

Очиғи, фаолиятимни давом эттириш учун бир нечта вариант бор эди. Агентларим Осиёнинг кучли чемпионатларидан иккита таклиф борлигини маълум қилди. Лекин энди бу муҳим эмас. Биласизми, "Торпедо" президенти Денис Маслов ҳамда спорт директори Максим Ляпиннинг шахсан ўзи музокара ўтказиш учун Тошкентга келиши менинг фикримга катта таъсир кўрсатди. Ростини айтсам, бу мени ҳайратда қолдирди ва шундан сўнг агентларимга ушбу жамоага ўтмоқчилигимни айтдим".

- Клуб ҳақида нималарни биласиз?

"Торпедо" буюк тарихга эга жамоа. Турли даврларда клуб шарафини кўплаб афсонавий футболчилар ҳимоя қилган: Стрельцов, Иванов, Шустиков. Албатта, бу мен учун фаолиятимдаги олдинга ташланган катта қадам. Бундай номдор ва катта клуб либосини кийиш мен учун жуда қизиқ.

photo_2022-07-08_16-26-29

- Россияга кўчиб ўтиш сиз учун қийин қарор бўлдими?

"Эндигина 21 ёшдаман, деярли бутун фаолиятим давомида Тошкентнинг "Пахтакор" жамоасида ўйнаганман. Албатта, туғилиб-ўсган мамлакатни тарк этиш осон эмас. Бироқ футболчи сифатида ўсишни истасангиз, қачондир кетишингиз муқаррар. 3-4 йил олдин отам менинг Россия чемпионатида ўйнашимни исташини айтганди. Имкон қадар РПЛдаги ўйинлар ва турнир жадвалини кузатиб борардим. Балки уйни соғинарман, айниқса, илк ҳафталарда. Аммо мослашув жараёни чўзилиб кетмаслиги учун бор кучимни ишга соламан. Ишончим комилки, бу катта муаммо бўлмайди. 

- Александр Бородюк билан гаплашишга улгурдингизми?

"Ҳа, албатта. Александр Генриховични жуда зўр футболчи сифатида яхши танийман, у Германия Бундеслигасида ўйнаган. У ва футболчилар мени жуда яхши қарши олишди. Шу сабабдан "оқ-қоралар" сафида ўзимни яхши ҳис қиляпман. Иложи борича тезроқ РПЛ баҳсларида майдонга тушмоқчиман".

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
. мансур
09/07/2022 14:58
Омадингни берсин!
Baxil Alihuja
09/07/2022 17:12
cпартак ва локомотив га утмаса булди