Отабек Шукуровнинг кетиши фойда келтирди!
Ўзбекистон миллий терма жамоаси етакчиларидан Отабек Шукуровнинг профессионал фаолиятида ўзгариш бўлганидан хабарингиз бор.
28 ёшли футболчимиз жаҳон футболи юлдузлари ўйнаётган Саудия Арабистони профессионал лигасига йўл олди. Тажрибали ярим ҳимоячи Туркиядаги фаолиятини якунлаб, муҳитни ўзгартиришга қарор қилди.
Эндиликда Отабекнинг собиқ клубига айланган “Кайсериспор” легионернинг трансфери жамоага моддий фойда келтиргани ҳақида баёнот чиқариб, футболчимизнинг кейинги ишларида муваффақият ёр бўлишини тилади.
- Профессионал футболчимиз Отабек Шукуровнинг трансфери бўйича “Ал-Файҳа” клуби билан тўлиқ келишувга эришилди.
Отабек Шукуров жамоамизга ўтган мавсум ўртасида эркин агент сифатида келган эди. Келишувга кўра, у “”Ал-Файҳа”га ўтади ва бу трансфернинг бадал суммаси 400 минг еврони ташкил қилди.
Бундан ташқари, агар ўйинчи бошқа клубга кўчиб ўтадиган бўлса, клубимиз трансфер суммасидан 30 фоиз улуш оладиган бўлди.
Отабек Шукуровга кейинги фаолиятида омад тилаймиз. Унга эҳтиром кўрсатган ҳолда бу хабар жамоатчилик эътиборига ҳавола этилди, - деб баёнот берди “Кайсериспор” клуби Отабек Шукуров трансфери ҳақида.
Отабек Шукуров “Машъал” тарбияланувчиси ҳисобланади. Профессионал фаолиятини 2015 йилда бошлаган марказий ярим ҳимоячи Ўзбекистон Суперлигасида муборакликлардан ташқари пойтахтнинг “Бунёдкор” жамоаси шарафини ҳам ҳимоя қилган.
2018 йилнинг январида Отабек Бирлашган Араб Амирликларининг “Шаржа” клубига кўчиб ўтди ва илк бор легионер мақомини олди. Араб амирликларидаги тўрт йиллик фаолиятидан кейин моҳир футболчи Европага йўл олди. Ҳамюртимиз шаржаликлар сафида 122 та учрашувда иштирок этиб, ўнта гол ва саккизта ассист муаллифи бўлди.
2022 йилнинг июль ойида Туркия Суперлигаси вакили “Фотиҳ Карагюмрюк” уни ўз таркибига қўшиб олди. Отабек таниқли мутахассис – Андреа Пирло қўл остида жамоанинг асосий ўйинчиларидан бири сифатида тўп тепди. Бироқ мураббий ўзгариши ҳамюртимизнинг ўйин амалиётига ҳам таъсир қилди. Шукуров ўтган йилнинг охирида жамоаси билан шартномани бекор қилди ва Осиё кубогидан кейин жорий йил бошида “Кайсериспор”га ўтганди.
Шукуров Туркияда “Фотиҳ Карагюмрюк” учун 46 та ўйинда битта гол ва иккита ассист қайд этди. “Кайсериспор”да 12 та баҳсда қатнашди. Отабек умумий ҳисобда Ўзбекистон, Бирлашган Араб Амирликлари ва Туркия чемпионатларидаги клублар миқёсидаги фаолияти давомида жами 272 та учрашувда майдонга тушиб, ўз номига 20 та гол ва 14 та ассист ёздириб қўйган.
Шунингдек, Ўзбекистон миллий терма жамоасининг сардорларидан бири бўлган тажрибали футболчи халқаро майдонда 70 та беллашувда иштирок этиб, рақиблар дарвозасини етти бор аниқ нишонга олган.
Фикрлар